Иқтисодиёт | 14:42 / 28.10.2020
13344
4 дақиқада ўқилади

«Улгуржи бозорлардан воз кечиш керак» – Самарқанддаги бозор директори нархларни тушириш ҳақида

Нима сабабдан гўшт, ёғ ва айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилди? Қиш мавсумида нархлар яна кўтарилмайдими? Нархларни тушириш учун нима қилиш мумкин? Шу каби саволларга Самарқанд вилоят бозорлар уюшмаси ҳамда бир қатор бозорлар раҳбарлари жавоб берди.

«Бозордаги нарх талаб ва таклифга қараб шаклланади. Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги «Дамариқ» бозорида гўштни 60 минг сўмдан пуллаётган сотувчилардан бири билан суҳбатлашаётганимизда, у 59 минг сўмдан арзон сотса фойда ололмаслигини очиқ маълум қилди. «Сиёб» бозорида 55 минг сўмга ҳам гўшт сотилмоқда. Бу ерда Тойлоқ туманидаги гўшт етиштирувчилар билан шартнома қилингани боис, гўшт тўғридан тўғри етказиб, сотилади.

Иккинчидан, «Сиёб» бозорида талаб жуда юқори бўлгани боис, сотувчилар камроқ нарх қўйиб, кўпроқ маҳсулот сотиш имконига эга», деди вилоят бозорлари уюшмаси раиси Тоҳир Мамадалиев.

Унинг сўзларига кўра, қишда нархлар ошиб кетмаслигининг олдини олиш учун бозорлар ҳам асосий маҳсулотларни захирага жамғармоқда. Жамғарилган маҳсулотларни тақчил вақтда бозорда кўпайтириш орқали истеъмолчиларни таъминлаш билан бирга нархлар кескин кўтарилиб кетишининг олдини олиш кўзда тутилган. Захирадаги асосий маҳсулотлар келаси йилнинг 1 май санасига қадар бозорларни таъминлаши кўзда тутилган.

Шу йилнинг 23 октябрь ҳолатига кўра, вилоятдаги бозорларда 2000 тоннага яқин маҳсулот жамғарилган. Ноябрь ойи сўнгига қадар 5000 тоннадан ортиқ маҳсулот жамғариш режалаштирилган.

Бозорларнинг вилоят озиқ-овқат жами захирасидаги улуши 5 фоиз атрофида.

Анжуман давомида «Сиёб» бозори директори Хирожиддин Аслиев бугунги шароитда улгуржи бозорлардан воз кечиш кераклигини таъкидлади.

«Улгуржи бозорларда деҳқон ва ишлаб чиқарувчилар ўзлари етиштирган маҳсулотларни харидорларга улгуржи тарзда топширади. Харидор эса унинг устига нарх қўйиб бозорларга етказади. Бозорда эса бу маҳсулотни навбатдаги сотувчиларга топширади. Табиийки, бу ерда ҳам маҳсулот устига нарх қўйилади. Бу ҳам озми кўпми нархларга таъсир қилади. Бунинг ўрнига деҳқон ва ишлаб чиқарувчиларни тўғридан тўғри бозорга жалб этиш имконини ўрганишимиз, бирор муаммо бўлса ҳал этишимиз керак», деди «Сиёб» деҳқон бозори директори.

Вилоят бозорлар уюшмаси раҳбари Т.Мамадалиев Самарқанд шаҳридаги «Дамариқ» бозоридаги кўча савдоси ҳолатлари, чек билан боғлиқ муаммолар юзасидан изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, кўчада савдо қилаётган фуқароларнинг барчаси бозорга кўчирилади.

«Дамариқ» бозорида бу каби камчиликлар рўй бераётгани бор гап. Бунинг сабабларидан бири бозор инвесторлари билан бўлаётган тушунмовчиликлар, хусусан, ҳужжатлар билан боғлиқ эди. Мазкур ҳолатлар бозордаги тартибсизликларга ҳам таъсир қилган.

Эндиликда масала уюшма ва тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида ҳал этилмоқда. Хусусан, уюшма мурожаатига асосан, ИИБ ходимлари билан биргаликда тушунтириш ишлари олиб борилиб, кўчада савдо қилаётган фуқаролар бозор ичкарисига кўчирилади», деди уюшма раҳбари.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда муҳокама этилган, Самарқанд шаҳридаги «Сиёб» бозорида харидорлардан бозорга кириб чиққани ва харид қилгани учун «патта пули» олингани юзасидан изоҳ берилди.

Бозорлар уюшмаси маълумотига кўра, «Сиёб»да харидорлардан пул талаб қилган фуқаро бозорда ишламаслиги маълум бўлган. Шундай бўлса-да назорат қилинмагани учун тегишли мутасаддиларнинг ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилган.

Вилоят бозорлар уюшмаси раҳбари Т.Мамадалиев бирор-бир бозорда харидорлардан пул олиш мумкин эмаслиги, фуқаро қилган хариди учун бозор маъмуриятига пул тўламаслиги, бу қонунчиликка зидлигини таъкидлаб ўтди.

Анвар Мустафоқулов тайёрлади

Мавзуга оид