Ўзбекистон | 21:29 / 29.10.2020
12241
3 дақиқада ўқилади

3 мингдан ортиқ киши ишга юборилган, 9 мингдан ортиқ киши чув туширилган – ХБАлар фаолияти таҳлил қилинди

2019-2020 йилларда хусусий бандлик агентликлари томонидан 3214 нафар ўзбекистонлик  турли давлатларга ишлаш учун юборилган бўлса, 9338 нафар шахснинг 79,1 миллиард сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.

28 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида қатор вазирлик ва ҳуқуқ органлари мутасаддилари ҳамда хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Вазирлик сайтида маълум қилинишича, учрашувда «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг шу йил 13 ноябрдан кучга кириши муносабати билан келгусида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, унинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ва хусусий бандлик агентликларининг ўтган даврдаги фаолияти каби масалалар муҳокама қилинган. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларида иштирок этаётган фуқароларнинг чет элда ишлаб келиш зарурати ва омиллари таҳлил қилиниб, уларнинг меҳнати эвазига турмуш даражасини кўтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам алоҳида таъкидланган.

«Бу борада Ўзбекистонда 103 та хусусий бандлик агентлиги реестр рўйхатидан ўтган. Уларнинг 75 тасига эса фаолият юритиш учун тегишли лицензия берилган ва ҳозирда 25 та ХБА ушбу лицензия асосида фаолият юритмоқда», – дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, 2019-2020 йилларда мазкур бандлик агентликлари томонидан 3214 нафар ўзбекистонлик фуқаролар Россия, Туркия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БАА, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Украина ва Қатар каби давлатларга ишга жойлаштирилган. Аммо агентликлар томонидан лицензия талаблари ва шартларини жиддий тарзда бузиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бунинг натижасида кўплаб фуқароларга катта миқдордаги моддий зарар етказилган.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 11 та ХБАнинг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

«Мазкур ХБАлар томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79,1 млрд сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган. 

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, келгусида ХБА томонидан жиноий ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг мазмун моҳияти хусусий бандлик агентликлари раҳбарларига батафсил тушунтирилди», – дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид