Жамият | 20:24 / 29.10.2020
7242
5 дақиқада ўқилади

ХДП: Халқ тақдирини қандай ўзгартириш мумкин?

Фото: ЎзХДП

Дунёдаги ҳозирги юксак илмий-технологик тараққиёт асосида инсоннинг ақл-заковати натижасида яратилган ютуқлар турибди. Шу маънода инсон ҳар қандай давлатдаги энг қимматли капитал ҳисобланади. Қайси давлатлар бу капитални ривожлантириш бўйича тўғри стратегия белгилаган бўлса, ўз халқининг турмуш фаровонлигини оширишга эришмоқда.

Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурган Учинчи Ренессанс ғоясининг замирида интилувчан, ижодкор, шижоатли янги авлодни вояга етказиш, бунинг учун қулай шароит яратиб беришдек эзгу мақсад мужассамлашган.

Халқимиз турмушини янада яхшилайдиган, давлатимиз мавқеини оширадиган, жаҳондаги илғор қадриятларни барча соҳаларга олиб кира оладиган янги авлод кадрлари ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Бунинг учун таълимга, тарбияга ёндашув концепциясини тубдан ўзгартириш талаб этилади. Кейинги йилларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли, айтиш мумкинки, эски муаммоларни тугатиб, янги давр пойдеворини бунёд этиш учун мустаҳкам замин яратди.

“Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида мазкур соҳани натижадорлик нуқтаи назаридан янги даражага кўтариш назарда тутилган.

Халқ билан мулоқот тамойилига мувофиқ равишда лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиши, ушбу ҳужжат жамиятдаги турли фикр ҳамда таклифлар учун очиқ экани унинг ижтимоий, маънавий аҳамиятини янада оширади.

Фармон лойиҳасида миллий таълим-тарбия тизимини инсон капиталини ривожлантиришга йўналтириш, ўқув дастурларининг дунёдаги илғор меъёрларга мувофиқ келадиган янги авлодини яратиш, таълимда хусусий секторга йўл очиш орқали илмда рақобат муҳитини юзага келтириш, педагогликка ва илм-фанга ўзини бағишлаган инсонларнинг жамиятдаги мавқеини ҳар томонлама кўтариш, айни вақтда уларни зарур моддий-техник шароит билан таъминлаш бўйича стратегик вазифалар белгиланмоқда.

Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларда соҳа фидойилари, етук мутахассислар, жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг муҳокама этилмоқда. Шу ўринда демократик қоидаларга риоя этиш, кўпнинг фикри билан иш тутиш каби муҳим масалаларда давлатимиз раҳбари барчамизга ўрнак ва намуна кўрсатаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, ота-оналар, улар тимсолида жамоатчилик бешинчи ҳалқа бўлиши кераклигига урғу берилган эди. Бу – таълим-тарбияни жамият миқёсидаги стратегик масалага айлантиришда концептуал аҳамиятга эга.

Ҳалқаларнинг бу тарзда узвий боғланиши ва концептуал қўйилиши қандай самара беради? Аввало, таълим-тарбия олиш, илм-фанга интилиш бўйича жамиятимизда янги муҳит юзага келиши кўзда тутиляпти.

Агар тўрт ҳалқа узвий бўлиб, бешинчи ҳалқада хайрихоҳлик етишмаса, таълим тизими мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришдек муҳим миссиясини бажариши қийин бўлади. Ўқувчи мактабдаги таълимга, талаба олийгоҳдаги илм-фанга чанқоқлик ва интилиш иштиёқига энг катта рағбатни ота-онасидан олиши керак. Бордию ота-она “ўқигандан, илмдан нима фойда?” каби ёки шунга ўхшаш мазмунда муносабатда бўлса, жамиятдаги таълим, илм-фан муҳитини тубдан янгилаш мумкин эмас.

Ота-оналарнинг фаол ва хайрихоҳ муносабати ёш авлоднинг ички руҳиятини тўғри йўналтиришда асосий манба бўлиб хизмат қилишини ҳисобга олишимиз зарур.

Демак, таълим муассасалари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масаласи мамлакатимизда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Аввалги даврлардаги турли омиллар таъсирида ота-оналар, маҳалла мактабдан узоқлашган эди. Энди шундай бир рағбат, хайрихоҳлик механизмини яратиб, уларни мактабга, таълимга яқинлаштиришимиз керак бўляпти.

Эҳтимол бунинг учун таълим-тарбия жараёнида фаол ҳамкорлик қилиб келаётган ота-оналарни, ҳеч бўлмаганда, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим. Чунки улар изланувчан ва иштиёқли фарзанд ўстириб, таълим-тарбияга муносиб ҳисса қўшяпти. Бундай намунали ота-оналарни фазилатли кишилар сифатида жамиятга ўрнак қилиб кўрсатиш зарур.

Таълим билан боғлиқ масалалар маҳаллий Кенгашларда муҳокама этилиши таълим-тарбияга давлатнинг турли тузилмалари, жамоатчилик, бутун жамият эътиборини жамлашда самарали механизмлардан бирига айланади. Бу таълим маълум бир вазирлик ва ташкилотлар иши, деган нотўғри қарашни ўзгартиришда ўзига хос аҳамиятга эга.

Таълим-тарбияни умумжамият қайғурадиган эзгу ва қизғин жараёнга айлантирсаккина, янги Ренессанс учун барпо этилаётган пойдевор мустаҳкам бўлади.

Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари

 

Мавзуга оид