Ўзбекистон | 07:56 / 31.10.2020
4636
3 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Олий педагогика таълими олий таълим тизимида 60-70 йилдан бери энг кучсизи бўлиб қолган» 

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси онлайн конференцияси бўлиб ўтди. Унда президентнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси экспертлар иштирокида муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Конференция давомида сенат аъзолари Ўзбекистон таълим тизимида энг оғриқли бўлиб келаётган муаммоларга бирма-бир тўхталиб, уларнинг ечимлари юзасидан фикр билдиришди. 

Жумладан, конференцияда қатнашган экспертларнинг таъкидлашича, ўзбек таълимидаги барча муаммолар мактаб ва боғча таълимига бориб тақалади. 

СамДУ ректори Рустам Холмуродов олий педагогика таълими тизимидаги муаммолар ҳақида гапирди. “Мактабни савиясиз билим билан битирган ўқувчи ОТМга боряпти. Бола у ерни ҳам паст билим билан битириб, мактаб ёки боғчага ишга қайтади. Тушуниш керак ахир, олий таълим муассасалари етук педагоглар етказиб бермагунча мактаб ва боғча таълимида ўзгариш бўлмайди, қилолмаймиз.

Тан олайлик, Ўзбекистондаги олий педагогика таълими республика олий таълими ичида қарийб 60-70 йилдан бери энг кучсизи бўлиб қолмоқда”, - деди сенат аъзоси.

Тадбирда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси Одилжон Иминов тиббиёт соҳасида ҳам кадрлар салоҳияти етарли даражада эмаслигини айтди. “Республика бўйича магистратура аллерголог мутахассислигига бор-йўғи 2та ўрин ажратилган. Буни қарангки, бу йўналишга уч киши ҳужжат топширган. Лекин учаласи ҳам паст балл тўплагани боис ўтолмаган. Бу эртага республикада шу мутахассислик бўйича кадр етишмаслигини келтириб чиқаради”, - деди қўмита раиси.

Сенат аъзоси Шомансур Саъдуллаевга кўра, охирги вақтларда болалар тарбиясида ота-оналар масъулияти тушиб бормоқда. Айрим ота-оналар бола тарбиясини фақат ўқитувчининг иши дея қарашга ўрганиб қолди.

“Ҳозир болалар мактабда 6 соат ўқийди, кейин оиласига боради. Тан олайлик, сўнгги пайтларда оилада бола тарбиясига эътибор камайиб кетди. Шунинг учун, мана шу фармонга боланинг таълимига ота-оналар масъул деган бандни ҳам киритишимиз керак. Чунки давлатнинг ривожланишига нафақат ўқитувчи, балки ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаро масъул. 

Исталган танишларингизни кўринг, иши телевизорда сериал кўриб, телефонда гаплашиш. Инсон капитали эса мактабга ташлаб қўйилган. 

Бола билан бирга дарс қилиш, унинг дунёқарашини таҳлил қилиш масалалари ўта паст  даражада. Шу масалани кўтариб, фармонга киритсак оилага, маҳаллага катта масъулият бўларди”.

Маълумот учун, президентнинг ушбу фармони лойиҳасида Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда интеллектуал салоҳиятни ошириш, таълим тизими билан илм-фан соҳасини интеграциялаш каби масалалар кўзда тутилган.

Мавзуга оид