«Ўзбекнефтгаз»: Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода нефть-газ ва геология масалаларини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳ бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигида 2 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
22 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларида ишлаб чиқаришнинг 9 ойлик кўрсаткичлари ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар таҳлилига бағишланган йиғилишда, углеводородларни қазиб олиш ва захирасини кенгайтириш, йил якунига қадар мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳамда келгуси йилда углеводородларни қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга замин яратиш учун қилинадиган ишларни танқидий кўриб чиқиш вазифаси топширилган эди.
Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилоятидаги Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.
Ташриф чоғида геология қидирув ишларини олиб бориш, углеводородлар қазиб чиқариш, технологик объектларни ишга тушириш, корхонанинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий-молиявий ҳолати, 2020 йилда кутилаётган кўрсаткичлари ва 2021 йил вазифалари, жамиятни трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидландики, аксарият газ конларининг узоқ йиллардан бери ишлатиб келиниши оқибатида қатлам босимининг табиий тушиши, янги очилаётган конлар захирасининг камлиги сабабли қазиб чиқариш ҳажмлари камайиб бормоқда эди.
Жумладан, 2017 йилда 39,3 млрд куб метрдан 2019 йилда 33,5 млрд куб метргача камайган. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи якунида тушиш динамикаси тўхтатилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,6 млн куб метр кўпроқ газ қазиб чиқаришга эришилди.
Йил якуни билан 34,0 млрд куб метр табиий газ ёки ўтган йилга нисбатан 500 млн куб метрга кўп қазиб чиқариш кутилмоқда.
Ушбу кўрсаткичларни бажариш мақсадида йил охирига қадар яна 62 та янги қудуқ (жами 134 та) бурғиланади, 84 та қудуқ (жами 549 та) мукаммал ва жорий таъмирланади, 16 та технологик объект (жами 44 та) қурилади, модернизация ва реконструкция қилинади.
2021 йилда 34,4 млрд куб метр газ қазиб чиқариш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 180 та янги қудуқ бурғиланади, 600 та қудуқ мукаммал ва жорий таъмирланади, 40 та технологик объект қурилади, модернизация ва реконструкция қилинади.
Муҳокама чоғида геология қидирув ишларини жадаллаштириш, ҳар йилги қазиб чиқариш ҳажмига мутаносиб равишда ишларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Агарда жорий йил охирига қадар табиий газ захирасини 20 млрд куб метрга (қўшимча 2 млрд) ўстириш кутилаётган бўлса, 2021 йилда геологик қидирув ишларига жамият маблағлари ҳисобидан 1,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратиш орқали табиий газ захирасини 35 млрд куб метрга ўстириш режалаштирилмоқда.
Жамиятни трансформация ва операцион самарадорликни ошириш борасида «DeGolyer & MacNaughton» томонидан углеводородлар захираси бўйича ҳисобот тайёрланди, «KPMG» томонидан узоқ муддатли активларнинг ҳаққоний бозор қиймати бўйича ҳисоботи тайёрланди, корпоратив бошқарув стандартларини халқаро амалиётга мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда, антикоррупцион комплаенс ва молиявий назорат жорий қилинди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ тарихида илк марта «Ernst & Young» халқаро аудиторлик компанияси жамиятнинг 2016–2017 йиллар учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МСФО) аудитини ниҳоясига етказди, жорий йилнинг ноябрь–декабрь ойида жамиятнинг 2018–2019 йиллар учун МСФО аудитини якунлаш режалаштирилмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ корпоратив кредит рейтингини олиш мақсадида «Fitch», «Moody’s», «Standard & Poor's» халқаро рейтинг агентликлари ҳамда бир қатор инвестицион банклар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳ юқорида муҳокама қилинган йўналишларни янада батафсил ўрганиб, жамиятни янада ривожлантириш бўйича ўзининг таклифларини ишлаб чиқади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024