Ўзбекистон | 21:58 / 03.11.2020
21623
2 дақиқада ўқилади

Суд-лингвистик экспертизаси Дўсовни ХТВ раҳбарлари обрўсига путур етказган деб топди

3 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судида собиқ депутат Қобил Дўсов устидан Халқ таълими вазирлиги киритган шикоят бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Низо келиб чиқишига шу йилнинг 24 июнида Қобил Дўсов YouTube'даги саҳифасида халқ таълими тизимини танқид қилиши, хусусан тизим вакилларини хоинлар деб аташи сабаб бўлганди.

Аввалги суд мажлисида прокурор суддан жавобгарнинг видеомурожаатда айтган гаплари бўйича суд-лингвистик экспертизаси тайинлашни сўраган эди. Суд экспертиза ўтказишни Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклаш тўғрисида ажрим чиқарганди.

3 ноябрдаги суд мажлисида экспертиза хулосаси маълум қилинди. Унга кўра, Дўсовнинг онлайн чиқиши унда ҳақоратли сўзлар ишлатилгани боис юридик шахс сифатида ХТВ раҳбариятининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи мурожаат деб топилган.

Дўсов ва унинг адвокати мазкур экспертлар хулосасидан норози эканини билдириб, суддан экспертиза хулосаси қайта тайинланишини, экспертлар гуруҳи йиғилишида иштирок этган мутахассисларни суд залига чақиришни сўради. Суд раиси қайта экспертиза тайинлашни рад этиб, экспертларни суд мажлисига чақириш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантирди.

Кейинги суд мажлиси 12 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Қайд этиш жоиз, суднинг бу галги мажлисида Қобил Дўсов ортидан бир неча туман депутатлари ва турли вилоятлардан бир неча ўқитувчилар ҳам иштирок этди.

Депутатлар суд жараёни адолатли ўтишини, ўқитувчилар эса ўзи ишлаётган таълим муассасаларида коррупция ҳолатлари борлигини ва кўплаб вилоят мактабларининг моддий техник базаси яхши эмаслигидан норози бўлиб, судда иштирок этаётганини таъкидлади.

Батафсил видеорепортажни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид