Ўзбекистон | 19:27 / 04.11.2020
4970
2 дақиқада ўқилади

Президент Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш муҳимлигига яна бир бор эътибор қаратди

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимидаги нутқи матнини келтирди

«Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим йўналиш ҳисобланади.

Ўзбекистонда транспорт-транзит салоҳиятини жадал ривожлантириш, минтақада қуруқликдаги коммуникацияларнинг самарали тизимини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Биз минтақавий ва ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очиб бераётган «Бир макон, бир йўл» ташаббусини фаол қўллаб-қувватладик.

Бугун Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврларида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг ҳабига айланиши мумкин.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги очилганини олқишлаймиз, ушбу маршрут бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдоримиз.

Шунингдек, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида «қуруқликдаги портлар», логистика ва улгуржи-дистрибьюторлик марказларининг интеграциялашган тармоғини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф этамиз.

Марказий ва Жанубий Осиё темир йўллари тизимларини боғлайдиган янги транспорт йўлакларини яратиш борасидаги ташаббуслар катта аҳамиятга эга.

Бу Евроосиё қитъасидаги қуруқлик транспорти тизимини туташтириш имконини беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифини илгари сурган эдим.

Ушбу ташаббус шериклар ва халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишига умид қиламиз», деган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид