Табиий газ тармоғинининг эгаси ким: Самарқанд туманидаги ҳолат янги муаммони юзага чиқармоқда
Самарқанд тумани «Ражабамин» маҳалласида яшовчи Хосият Раҳимова ўз ҳовлисида оилавий болалар боғчаси фаолиятини йўлга қўйган. Аммо тўрт ойдирки, ҳовлида табиий газ таъминотида муаммо бор. У уйига ўтказилган газ қувури қўшниси томонидан кесиб кетилаётганидан норози.
Х.Раҳимова ҳатто бу ҳақда вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва ИИБ органларига ҳам мурожаат қилган. Туман ИИБ томонидан унинг аризаси ўрганилиб, «жиноят аломатлари йўқ», деган мазмунда жавоб хати келгани МТТ раҳбарини янада таажжубга солмоқда.
«Сўнгги 4 ойда қўшним газ қувуримни 4 марта кесиб кетди. Бу бўйича қатор ташкилотларга мурожаат қилдим. Газ таъминот идоралари ходимлари келиб улаб кетишади, маълум вақт ўтиб, яна қўшним кесиб ташлайди. Бунинг сабабини тушунмайман. Ҳовлим Самарқанд туманида, газ эса Самарқанд шаҳар тармоғига уланган. Газ таъминот идораларининг менга эътирози йўқ, тўловларни вақтида қилганман. Икки марта кесилган қувурларимни улаб ҳам кетишди. Аммо газ қувурларини кесган қўшнимга нисбатан ёзган аризаларим бўйича ИИБ органлари чора кўрмаяпти», дейди мурожаат эгаси.
Ҳолатга аниқлик киритиш учун Самарқанд туманида бўлдик.
Бу ҳовлини хонадон эгалари бундан 28 йил олдин сотиб олишган. Ўша вақтда табиий газ тармоғига уланган, бирор муаммо бўлмаган. Сўнгги йилларда ҳовлида оилавий боғча ташкил этилган. Газ билан боғлиқ юқоридаги муаммолар МТМ фаолиятида ҳам қийинчилик туғдирган.
Туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Суҳроб Эргашев биз билан суҳбатда фуқаронинг аризаси туман ИИБ томонидан кўриб чиқилгани, аммо жиноят аломатлари мавжуд эмаслигини маълум қилди. Шунингдек, туман ИИБ томонидан Х.Раҳимовага юборилган мактубда аризада кўрсатилган ҳолат, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтгани сабабли ҳудудийлик жиҳатдан фуқаронинг ўзига қайтарилаётгани баён этилган. ИИБ вакиллари шунга қарамасдан, табиий газ таъминотидаги муаммо ўрганилиб, эртага ҳал этилишини билдирди. (26 октябрда бўлиб ўтган суҳбатда).
Самарқанд тумани «Ражабамин» МФЙ вакили бу муаммо фуқароларнинг ўзи газ тармоқлари тортиб келгани билан боғлиқ эканини айтмоқда. Яъни, Х.Раҳимова уланган тармоқ ва газ тақсимлаш пункти Самарқанд шаҳри «Кафтархона» маҳалласида яшовчи бир неча фуқаролар томонидан ўз маблағи ҳисобига ўрнатилган. Улар ўзлари қилган сарф-харажатлар эвазига тортилган тармоққа бошқа фуқаронинг улангани, кейинроқ эса МТТ фаолият кўрсата бошлагач, газ босими пасайиб кетганидан норози бўлган. Шу тариқа фуқарони тармоққа улангани қўйишмаяпти.
Ҳолатни жойида ўрганарканмиз, шундоққина МТТ биноси олдидан Самарқанд туманига қарашли яна бир қанча газ тармоқлари ўтганига гувоҳ бўлдик.
Савол туғилади: Нима сабабдан фуқаро ўзининг туманига қарашли, ўз биноси олдидан тармоқ ўтганига қарамасдан, Самарқанд шаҳрига қарашли газ тармоғидан фойдаланяпти ва шу сабабдан муаммоларга дуч келяпти?
Маълум бўлишича, бу тармоқлар ҳам бир гуруҳ фуқаролар томонидан ўз пулига тортиб келингани учун бошқа истеъмолчиларнинг уланишига йўл қўйилмаган экан. Яъни, МТТ олдида шу туманга қарашли иккита тармоқ бор, аммо иккаласи ҳам фуқароларнинг пулига тортилгани учун «эгали». МТТ раҳбари эса нима қилишни билмайди. Фаолиятни давом эттириш учун кунига 50 литргача суюлтирилган газ сотиб олишга мажбур. Бу ҳақда қуйироқда яна тўхталамиз.
Х.Раҳимова шикоятларида қувурни кесиб кетаётгани айтилган қўшни — И.Истамовдан изоҳ сўрадик.
«Очиғи, манашу «ёза-ёз»лар мени ҳолдан тойдирди. МТТ эгасига ҳеч қандай адоватим ҳам, газдан фойдаланишига қаршилигим ҳам йўқ. Марҳамат, табиий газ керак бўлса, марказий тармоқдан ўзи тортиб келсин, у унчалик узоқ эмас. Аммо айнан мен ўз уйимгача ўзим тортган тармоққа уланиши тўғри эмас-ку?! Ўз уйимга уланган қувурни кесиб бир неча марба тегишли органларга ҳисоб беришимга тўғри келди. Қолаверса, бу ҳолатни кўрган маҳалладошларим мени яширинча қўшнимга газ берган, деган шубҳада хафа бўлишди.
Охири, мен яхшигина маблағ кетса ҳам юқорироқдан ўзимга алоҳида тармоқ тортдим. Табиийки, шундан сўнг уйимга келган эски қувурдан газ келиши тўхтатилди. Х.Раҳимова бу уйни сотиб олганида аслида ўзининг туманидан газ тармоғига уланган бўлган. Аммо кейинчалик шаҳар газ тармоғида босим яхши бўлгани сабабли менинг уйимга келган тармоққа уланиб олган. Икки йил олдин мен буни сезиб қолдим ва шундан бери ўртада низо. Муаммога ечим топиш учун қўшнимни газ идоралари тармоққа улаб беришлари кифоя», дейди мурожаат эгасининг қўшниси.
Аслида гап фақат МТМ ва Х.Раҳимова хонадонида ҳам эмас. У ўз вақтида уйни харид қилганида газ муаммоси бўлмаган. Кўриб турганингиздек, йиллар ўтиб, тармоқлар эскириб, қолаверса, янги газ тармоқларига эҳтиёж ортиб борган. Газтаъминот идоралари эса янги тармоқлар тортмагач, фуқароларнинг ўзлари бу ишни амалга оширган. Ана энди эса ҳар битта тармоқнинг «эгаси» бор. МТМ олдида бир нечта газ тармоғи бўлгани ҳолда ҳеч бирига улана олмайди. Ҳатто ўз туманига қарашли, ўз биноси олдидан ўтган тармоққа ҳам.
Олдинроқ ОАВда бошқа бир туман фуқароларининг «Hududgaz Samarqand» МЧЖ газ таъминоти филиалининг бўлимига тегишли қувурларни кесиб ишлатилгани, бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилаётгани маълум қилинганди. Аслида мазкур ҳолатда ҳам фуқаролар ўз ҳисобидан газ тармоғи тортган. Аммо бу тармоқ орадан маълум вақт ўтиб газтаъминот балансида қайд этилган ва фуқароларнинг кейинчалик қувурни кесгани корхонага зарар сифатида баҳоланган. Зарар миқдори ҳам аниқ — 6 миллион сўм.
Хуллас, кўп учраётган ҳолат шу — тармоқ фуқаролар томонидан тортилади ва у газтаъминот балансида қайд этилади. Бу тармоқлари корхона балансига ўтказиларкан, тегишли маблағ ҳам «ажратилади»ми-йўқми, буниси бизга қоронғи.
Юқоридаги воқеани эслашимизнинг сабаби бор. Биз ўрганган, газсиз қолаётган МТТ ва фуқаролар пулига тортилган тармоқлар ҳам бугун аллақачон газтаъминот идораси балансида. Буни ўша ҳудуддаги фуқароларнинг барчаси ҳам билмаса керакки, ўртада «қувур меники» қабилидаги низолар урчимоқда. МТТга ҳам уланишга биров рухсат бермоқчи эмас. Бундай вазиятда газтаъминот идоралари барчасини аҳолига тушунтириши, аллақачон қувурлар корхона балансида эканини айтиши ва МТТга тармоқ тортиб бериши керак. Йўқса, бу каби жанжаллар давом этаверади.
Яна бир гап, «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали тармоқ тортиш ишларини асло аҳолининг ўзига ташлаб қўймаслиги лозим. Чунки бу иш ташкилотнинг тўғридан тўғри вазифаси. Буни ўзи амалга оширмаса, аҳоли ўз пулига тармоқ тортади, ўзини газнинг эгаси ҳисоблайди ва юқоридаги низолар ҳали катта муаммоларнинг бошланиши бўлиб қолади.
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.
Мавзуга оид
16:08 / 28.11.2024
Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширади — Путин
18:44 / 23.11.2024
Европа янги энергетика инқирозига дуч келмоқда — Bloomberg
18:39 / 20.11.2024
2024 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга газ экспорти 5 баробар ошди
17:22 / 19.11.2024