Жамият | 20:35 / 11.11.2020
6944
7 дақиқада ўқилади

Британиядаги фестивал доирасида «Бухорий: Ислом санъати» кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Кўргазмага қўйилган барча санъат асарлари Имом ал-Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод маҳсулларидир. Асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадислар орқали ифодаланган.

«Донишманд». Муаллиф: Давлат Тошев
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Икки нарсадан ўзгасига ҳасад (ҳавас маъносида) қилмоқ жоиз эмас, бири – кишига Аллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берса-ю, уни Ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, иккинчиси – кишига Аллоҳ таоло илм-у ҳикмат ато этса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, одамларга билганини ўргатаётган бўлса», деганлар.

7–30 ноябрь кунлари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар халқаро фестивали доирасида Имом ал-Бухорий тўплаган ҳадислардан илҳомланган ислом санъати кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Ислом санъати – энг бой ва кенг тарқалган шарқ санъатларидан бири ва ҳануз янгидан янги турли қирралари кашф этилиши давом этмоқда. Тимсолларга бой ислом санъати жозибадор бўлиб, борлиқнинг барча моддий ва номоддий жабҳалари орқали Холиқни ва Унинг буюклигини англашга ундовчи чуқур маънога эга.

Ислом тарихига назар солсак, минглаб олимлар расули акрам Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)ни, унинг ҳаёти ва таълимотларини синчковлик билан ўрганишган. Улар орасида таниқли исломшунос олим, сайёҳ ва филомат – имом ал-Бухорий тутган ўрни беқиёсдир. Унинг «Саҳиҳ ул-Бухорий» ҳадислар тўплами диний қонун ва ахлоқий кўрсатмаларнинг асосий манбайи сифатида тан олинган бўлиб, ислом оламида Қуръондан кейинги иккинчи муҳим китоб ҳисобланади.

Имом ал-Бухорийнинг фақат саҳиҳ ҳадисларни тўплаш борасидаги изланишлари ва саёҳатлари ҳақида фикр юритган ҳолда, ушбу кўргазма бир қатор ижодкорларни бирлаштирди. Ижодкорлар ўз асарлари орқали тинчлик, донолик ва бағрикенгликни ўзида мужассам этган эзгу дин – Ислом ғояларини халқаро даражадаги санъат мухлисларига бўлишишни мақсад қилди. Зеро булар – умуминсоний ва ҳар кимга тегишли бўлган қадриятлардир.

Ушбу кўргазма учун яратилган барча санъат асарлари Саҳиҳи Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод маҳсулларидир. Кўргазмада асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадис орқали ифодаланади, бу эса кўргазмага ташриф буюрувчилар учун Исломнинг асосий манбалари билан яхшироқ танишишга ёрдам беради.

«Мусулмон киши». Муаллиф: Муҳиддин Али
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг афзали қайси кишидир?» «Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир», деб жавоб бердилар.

Кўргазма ташкилотчиларининг Kun.uz'га маълум қилишича, лойиҳадан мақсад – ислом динининг ҳақиқий қадриятларини очиб бериш, Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилишдир.

Кўргазма Dacore IT, Буюк Британиянинг Лестер университети ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган.

«Зайтун». Муаллиф: Камолиддин Абдуллаев
Ал-Бара ривоят қилган: «Мен Пайғамбаримиз (с.а.в.) Хуфтон намозида "Ваттини ваз зайтуни" (95) ўқишини эшитганман ва ҳеч қачон Пайғамбаримизникиданда ширинроқ овоз ёки қироатнинг яхшироғини эшитмаганман».

Кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бирга халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёш рассомлар ҳам иштирок этмоқда. Улар орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар – хаттот Шейха Aбдуллаева, графикачи рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Муҳиддин Aли каби таниқли маданият намоёндалари бор.

Халқаро миқёсда тан олинган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги «Зикр» номли композицияни яратган.

«Яхши ният». Муаллиф: Муҳиддин Али
Жаноб Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар ниятга қараб қабул қилинур, ким қандай ният қилғайдир, шунга эришгусидир. Кимки Аллоҳ ва унинг Расули учун ҳижрат қилган эрса, Аллоҳ ва Расул учун кўчганлик савобини олур. Кимки мол-дунёга эришмоқ ёки бирор хотин олмоқ ниятида ҳижрат қилган эрса, ўша ниятигагина эришмоғи мумкин».

Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов тадбирнинг аҳамияти ҳақида шундай дейди:

«Ислом санъати бутун мусулмон дунёсида катта тарихга эга, табиийки бу тарихда Марказий Осиёни ҳам ислом санъатига кўшган ҳиссаси беқиёс. Шундай экан биз уни асраб-авайлаб, кейинги авлодга етказишимиз керак. Хаттотлик ва меъморий санъат ҳанузгача давом этиб келмоқда экан, уни ҳозирда яна ривожлантириш керак ҳамда устозлар ёрдамида шогирдларга етказиш йўлларини қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро санъатдан баҳраманд бўлган инсондан фақат эзгулик кутамиз».

«Қалб». Муаллиф: Ёқуб Бекназаров
Нуъмон ибн Баширдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, жасаднинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у фасод бўлса, жасаднинг барчаси фасод бўлади. У ҳам бўлса қалбдир», дедилар.

Машҳур ҳужжатли филмлар бўйича кинорежиссёр, ҳозирда Буюк Британияда фаолият юритиб келаётган, асли лос-анжелеслик Овидио (Aбдулатиф) Салазар кўргазмага шундай таъриф берди:

«Куни кеча очилган «Бухорий: Ислом санъати» кўргазмасига мени таклиф қилганингиз учун яна бир бор миннатдорман. Рассомларнинг ниҳоятда истеъдодли ва хилма-хиллиги мени жуда ҳайратга солди ва улар қандай қилиб Имом Бухорий тўпламидан баъзи ҳадисларни бирлаштирганликлари ва бадиий ифода берганликлари жуда ажойиб эди. Бу ҳақиқатан ҳам илҳомбахш бўлди ва қандай қилиб сиз тўғри айтганингиздек Исломни гўзаллик ва тинчлик дини сифатида анъаналарига таянишимиз мумкинлигини намойиш этди».

Кўргазмага қўйилган асарлар билан Имом ал-Бухорий халқаро дастурининг ушбу махсус саҳифаси орқали танишишингиз мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид