Жаҳон | 07:40 / 12.11.2020
7158
2 дақиқада ўқилади

Ноёб пушти бриллиант 26,6 миллион долларга сотилди

Фото: EPA-EFE

Россиянинг “Алроса” компанияси томонидан Ёқутистонда топилган олмосдан ишланган пушти бриллиант Женевадаги аукцион вақтида 24,393 млн швейцар франкига (26,6 млн доллар) сотилди

“Роза арвоҳи” деб номланган бриллиант 14,83 карат оғирликка эга бўлиб, у дастлаб 23-38 млн долларга баҳоланган. Овал шаклдаги ушбу бриллиант Россияда топилган энг катта пушти олмосдан тайёрланган. Унинг оғирлиги 27,85 каратни ташкил қилган. 

“Пушти олмослар табиатда кам учрайди. Бундан ташқари, улардан бор-йўғи бир фоизининг оғирлиги 10 каратдан ошади. Ушбу бриллиант ҳақиқий мўъжизадир”, деб маълум қилган Sotheby's аукцион уйининг қимматбаҳо зийнат буюмлари бўлими бошлиғи Гари Шулер.

Айни вақтда қимматбаҳо тошлар учун рекорд нарх 2013 йил ноябрда Sotheby's аукционида ўрнатилган. Ўшанда Pins Star (Пушти юлдуз) деб номланган, оғирлиги 59,6 карат келадиган пушти бриллиант 83,19 млн долларга сотилган. Қимматбаҳо тош ЖАРда De Beers компанияси конидан топилган. Аукционда америкалик заргар Айзак Вулф ғолиб чиққан. Бироқ 2014 йил февралда унда бриллиантни сотиб олишга пули йўқлиги маълум бўлгач, бриллиант аукционга қайтарилган. 2017 йил апрелда Ҳонгконгдаги аукцион вақтида Pink Star’ни 71,2 млн долларга сотишга муваффақ бўлинган. 

Мавзуга оид