Ўзбекистон | 18:29 / 12.11.2020
30082
14 дақиқада ўқилади

Яна гўшт мавзуси. Соҳа вакиллари иштирокида катта суҳбат

Гўшт қиммат. Бу мавзу сўнгги йилларда тез-тез муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Нарх юқорилигининг турли сабабларини фаол иқтисодчилар айтиб келишмоқда. Хўш, бу борада соҳанинг бевосита вакиллари – чорвачилик билан шуғулланаётган, омухта ем ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, ветеринария ва чорвачилик мутахассислари қандай фикрда?

Kun.uz гўшт нархи мавзусида тадбиркорлар Телман Адизов, Тўлқин Эшназаров, Акбар Дониев, чорвадор Шароф Шодиев ҳамда Навбаҳор туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Зафар Ғуломов билан суҳбатлашди.

Қуйида соҳа вакиллари билдирган фикрлар умумлаштирилган ҳолда келтириб ўтилади.

Омухта ем ростан ҳам қимматми?

Омухта ем масаласини Европа ёки Aмерика билан эмас, ёнимиздаги давлатлар билан таққослайдиган бўлсак, қиммат дейилаётган омухта емни Aфғониcтон, Қирғизистон, Тожикистонга Ўзбекистонда сотаётган нархимизда экспорт қиляпмиз. Улар биздан олиб бориб, яна 20 фоиз ҚҚС ва бошқа тўловларни тўлаган ҳолда шу емдан фойдаланяпти. Aфғонистон, Қирғизистон, Тожикистонда бизга нисбатан ем қимматроқ.

Ўзбекистонда ем ишлаб чиқариш йўналишида катта ишлар қилинган бўлса-да, охирги нуқтага етиб бордик, деб айтишга ҳали вақтли. Ҳали кўп ишлашимиз керак. Кўп хатолар бор, қилинмаган, тушунмаган ишларимиз анчагина. Бу соҳада мутахассислар етишмайди.

Соҳани мониторинг қилганмиз. Мисол учун, биз сотаётган омухта ем хомашёсининг 70-80 фоизи чет элдан – Қозоғистон, Россия, Болтиқбўйи давлатларидан келади. Шу билан бирга, Қозоғистонда бу борада катта ишлар қилинган бўлса-да, биз ишлаб чиқараётган омухта емни, лабораторияда текширтириб, нархимизни ўргангач, экспорт қилишимизни сўраяпти.

Бунга сабаб нима? Қозоғистонда бизнинг маҳсулот муқобили 300 доллар атрофида, бизда 240–250 доллар атрофида. Емнинг таркиби, хомашё унинг ичига қўшиладиган маҳсулотлар асосан чет элдан олиб келинишига қарамасдан, бизда иш кучи арзон, харажатлар паст, газ ва электр нархлари улардагидек баланд бўлмагани учун биз арзонроқ сота оламиз. Шунингдек, биз оз фойдага қаноат қила оладиган миллатмиз. Шунинг учун уларда биздан кўра нархлар қимматроқ.

Акбар Дониев

Қозоғистон ёки Қирғизистон чорвага қиммат ем бера олади. Сабаб?

Сабаби, уларда аҳоли бошига тўғри келадиган чорва сони жуда кўп. Шунингдек, уларда чорва тақрибан сентябр ойигача яйловда юради. Яйловлардаги ўт-ўланлар одамбўйи келади.

Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига бориб ўрганганимизда, ўтлар жуда баландлигини кўрганмиз. Бизнинг Қибрайда ҳам «Майский» деган жойда ўт-ўлан баландроқ бўлади. Лекин Ўзбекистоннинг ички ҳудудларига кириб бораверсангиз, ўт-ўлан йўқолиб боради. Хусусан, Навоий вилояти яйловини оладиган бўлсак, июн ойида қўй ва моллар учун яйловда ейишга ҳеч нима қолмайди.

Ўзбекистон чорвачилигида урғу емга берилади

Гўшт нархи ҳақида фикр билдирган одамларнинг омухта емга кўп урғу бераётганининг сабаби нимада? Нега омухта ем қиммат бўлди, гўшт қиммат бўлди деб юришади? Чунки Ўзбекистонда мол ва қўйни боқиб, бўрдоқи ҳолатига етказиш учун урғу, асосан, омухта емга берилади. Беда ва шунга ўхшаш кўк ўтлар жуда кам. Шрот, буғдой, арпа кабиларни аралаштириб бериб, чорвани семиртиришга ҳаракат қилишгани боис, кўпроқ пул шунга кетиб қолади.

Таққослаш учун, бозорда битта пресс беда Тошкент атрофида 24 минг сўм сотиляпти. Унинг ичида 9 килограмм беда бўлиб, 1 кг беданинг ўртача нархи 2670 сўмга тўғри келади. Унда оқсил деярли йўқ ёки 2 фоиз бўлиши мумкин. Беда таркибидаги каротин қуриб тугаган бўлади. Углерод ҳам йўқ. Шунинг учун беда қўй ёки молнинг ўсишига аҳамиятли таъсир этадиган маҳсулот эмас. Aммо 1 кг беда 2670 сўмдан тушса, пресс сомоннинг нархи – 2500 сўм билан деярли бир хил. Аммо унинг умуман калорияси йўқ. Қорамолнинг қорнини тўлдиради, лекин уни ўстирмайди. Шунинг учун молга ем бериш зарур бўлади.

Далада ўт йўқлиги, кўкаламзор ҳудуд кам бўлгани учун асосий урғу емга берилади ва емнинг нархи озгина – 50 сўмга кўтарилса ҳам одамлар ем қиммат бўлди, деб ваҳима қилади. Демак, ем-озуқа, яъни молни ўстириш учун оқсил кўп қўлланиларкан, бу ерда бошқача вариант йўқ.

Яйловлар йўқ, бори ҳам ачинарли ҳолатда

Яйловлар жуда ҳам ачинарли ҳолатда, чорвани ўстириш учун омухта ем бермаса бўлмайди, бу эса Ўзбекистон шароитида қимматлик қиляпти. Aгар Қозоғистондаги каби яйловлар талабга жавоб бериб, йирик ёки майда шохли мол яйловда ўтлаб ўзига керакли озуқани олганида, 4-5 кг омухта ем бериш етарли бўлар эди.

Чунки Қозоғистонда бир бош қорамолга 5 кг.гача ем берилади. Ўзбекистонда ўртача 8 кг. Чорвадор гўшт нархини 57-58 мингдан паст сотса, у фойда қила олмайди.

Кўкаламзорлаштириш, яйловларни тузатиш – йиллаб давом этадиган ишлар. Шунинг учун бугунги кунда емнинг нархини янада арзонлаштириш, балки давлат томонидан омухта ем ишлаб чиқарувчиларга субсидия, дотация бериш масаласини ўйлаб кўриб, жорий қилиш керак.

Логистика: 2800 км = 1800 $. 24 км = 850 $

Аслида, омухта ем таннархини пасайтиришда ишни биринчи бўлиб транспорт харажатлари, жумладан, темирйўл транспортини арзонлаштиришдан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўтган йил шу ҳақда жуда кўп гапирилди. Аммо айтганларимиз негадир акс самара бермоқда.

Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳри биздан 2800 км узоқ. Қозоғистон Ўзбекистон тадбиркори учун 1800 АҚШ долларига 2800 км жойдан вагон келтириб беряпти. Энди ўтган йили ўша вагоннинг Сариоғочдан 24 км бўлган Қибрайдаги Қодирия бекатига етиб келиши 7 миллион 300 минг сўм эди.

Қозоғистон темирйўллари 1 км учун 65 цент олаётган бўлса, Ўзбекистон темирйўллари кўрсатган хизмат ҳақи учун 1 кмга 35 доллар олаётганди.

Бу – Ўзбекистон темирйўлининг Ўзбекистон тадбиркорини таҳқирлаши, деб ўйлайман. Бу қўллаб-қувватлаш эмас. Қозоғистон бизга қилаётган мурувват, бизда таҳқирлаш бўляпти.

Тўлқин Эшназаров

Биз километрига 35 доллар тўлаганимиздан кейин емнинг тоннасига камида 15-20 доллар пул қўшиляпти. Натижада 1 кг ем 200–300 сўмга қимматлашади, чорвадор 1 кунлик ем учун 2000-3000 сўм ортиқча пул тўлайди. Темирйўл нархи ўтган йили 7 миллион 300 минг бўлса, бу йил уни 8 миллион 600 минг қилиб қўйишди. Шунинг баробарида темирйўлда юк ташиш нархи борган сари ошиб боряпти.

Чорвачиликни амалда қўллаб-қувватлаш кўзга ташланмаяпти

Қишлоқ хўжалигини, хусусан, чорвачиликни ҳақиқатан, амалда қўллаб-қувватлаш кўринмаяпти. Президент соҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қарорлар чиқаряпти. У ҳам темирйўлчи, ҳам чорвадор бўлолмайди. У қарорни беради, унинг қўл остидагилар қарорни мукаммаллаштиради, соҳаларга йўналтиради, ижро этади. Aгар улар йўналтирмаса, соҳа ривожланмай қолаверади.

Назаримизда, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашни темирйўлдан бошлаш керак.

Яна яйлов ҳақида

Қўй-мол боқишни тажрибадан ўтказиб келяпман. 730 гектар ерда 800та қўй боқяпман. Лекин 3 ой ичида даштда ўт қолмайди. Қолган мавсумларда хашак, емни сотиб оламан. Ем билан боқилаётганига қўйлар йилига 2 марта қўзилаяпти. Бунинг меҳнати оғирроқ, аммо самараси бор.

Ҳаммада қўй йилига 1 марта туғади. Биз емни, хашакни кўпайтириб, чўнтакдан харажат қилганимиз боис, 1 кг гўшт 60 минг сўм бўлса, харажатларимизни қоплайди ва фойда кўрамиз.

Чорвани узоғи июл-августгача даштда боқиш мумкин, у ёғига ем берилмаса, озиб кетади. Озғин мол кўп касалланиб, қирилишни бошлайди. Молнинг тирик қолиши, боласининг яхши туғилиши учун унга сифатли ем бериш керак.

Чорвачилик учун ер ажратилса, қишга захира қилиш мумкин

Чорвачилик учун экин ер ажратилса, қишга захира қилиб хашак тўплаш мумкин. Аммо Навбаҳор туманида бунга имконият йўқ, фақат фермерлар ери атрофидаги хашак ёки янтоқларни ўриб, сотиб оламиз. 9 ой харид қилиб, шуни хашакнинг ўрнига ишлатамиз.

Телман Адизов

Навбаҳор туман ҳудудида 1 бош қўйга 2,5 гектар ажратилади. 730 гектарда 300 бош қўй боқишим керак. Лекин 800 бош қўй боқяпман. Aгар майдон кенгроқ бўлса, яхши бўлади, аммо шунда ҳам молга ем бериш керак. Ем берилмаса, қўйдан 1 йилда 1 марта бола олиш мумкин. 1 йил бунинг орқасида меҳнат қилган одамларга ойлик тўлайсиз. Шунинг учун 2 марта қўзиласа, фойдаси яхшироқ бўлади.

Бўрдоқичилик комплексларини ривожлантириш зарур

Гўшт нархини тушириш масаласида маъмурий усуллар фойда бермайди. Давлат ҳокимияти вакили қассобнинг бошида туриб, гўшт нархини назорат қилиши, нархни белгилаши муаммони ечмайди ва бу жуда кулгили ҳолат. Бу ерда талаб ва таклиф мувозанатига эришиш керак.

Алоҳида таъкидлаш керакки, йилбўйи чўпон қарамоғида даштда юрган чорва кўзланган натижани бермайди. Чунки яйловда боқилган қўйнинг даражаси истеъмолдаги гўшт сифатини беролмайди. Шунинг учун жойларда бўрдоқичилик комплексларини ташкил қилиб, даштда юрган қўйларни харид қилиб, омухта ем бериш орқали 3-4 ойда керакли даражадаги семизликка етказиш мумкин.

Нега қоракўлчилик?

Кўпчилик қоракўлчиликни ривожлантириш деганда қоракўл терисини кўпайтиришни тушунади. Ҳозирда жаҳон бозорида қоракўл териси талаб юқори маҳсулот эмас. Шу боис Ўзбекистон ҳудудида аслида умумий маънода қоракўлчилик дейилади, десак тўғри бўлади. Яъни гап бу ерда чорвачилик, қўй масаласида кетяпти.

Бу атамани майда шохли моллар ҳам дейиш мумкин эди, аммо чиройлироқ чиқиши учун қоракўлчилик дейилган бўлиши эҳтимол. Бу ерда асосий мақсад тери, жун, гўшт етказиб беришга аҳамият бериш, ҳаммасига комплекс ёндашишдир.

Субсидия, субсидия ва яна бир марта субсидия

Жаҳон тажрибасида исталган давлатда қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачиликни ривожлантириш соҳага субсидия ажратиш билан бўлади. Бизда ҳам, мисол учун, ҳар бир килограмм етиштирилган гўшт учун 4000–5000 атрофида субсидия берилса. Бу – давлат бюджетидан харажатдек кўриниши мумкин, аммо унга сарфланган пул айланиб келиб кўпроқ даромад келтиради. Буни иқтисодчилар яхши ҳисоблаб чиқа олишади.

Шароф Шодиев

Ҳозирда Ўзбекистонда гўштни маъмурий бошқаришдан бошқа тизимнинг ўзи йўқ. Давлат гўшт нархини маъмурий-буйруқбозлик йўли билан эмас, субсидия бериш билан назорат қилса фойда беради.

Юқорида айтилганидек, дала-даштда юрган қўй етарли даражада семиз эмас. Бўрдоқичилик мажмуалари уларни харид қилади, боқади, лозим бўлса, касалини даволайди. Натижада гўшт ҳажми ортади, битта қўй 30 эмас, 50 кг гўшт қилади. Қолаверса, семиз қўйдан чиқадиган жун ва тери ҳам сифатли бўлади. Уни сотиб, қайта ишлаб даромад топиш мумкин.

Статистикада 500 қўй амалда 2000 қўйга тенгми?

Статистикага қарасангиз, уй хўжаликларида 90 фоиз тирик вазндаги гўшт етиштирилади дейилган. Бу қанчалик тўғри, билмайман. Уй хўжаликлари гўшт етиштириб, фойдасини кўряпти. Aммо биз гўшт етиштириш атрофидаги йўлдош маҳсулотларни пулга айлантира олмаяпмиз. Бу йўлга қўйилса, чорвачилик билан шуғулланувчи одамларга фойда.

Шу билан бирга, айрим фермерлар 2000 бош қўйи бўлса ҳам 400 бош деб кўрсатиб қўяди. Чунки уларга рақамнинг ҳақиқийсини кўрсатишнинг қизиғи йўқ. Улар на банкка пул топширади, на чорванинг жуни, терисини қайта ишлашни ҳам бажаролмайди. Соҳага субсидия жорий қилинса, барча нарса шаффофлашади. Рақамларни яширса, манфаатни йўқотади.

Чорвачиликда даволовчи емлар зарур

Чорвадор фермерларнинг савиясини ошириш керак. Баъзи фермерлар қўйни боқишни биламан дейди, аммо яйловда юрган қўйни олиб сўяди. У нари борса 20 кг гўшт қилиши мумкин. Чорвачиликда семиз, ўрта семиз ва ориқ иборалар бор. Буларнинг ҳар бири яна учга бўлинади. Лекин даштдаги чўпонлар бунга эътибор қаратмай, чорвани ориқ пайтида сўяди. Ишига илмий ёндашмайди.

Зафар Ғуломов

Омухта ем ишлаб чиқариш заводига боиб, емга балиқ мойи, витамин ва минераллар қўшилаётганини кўрдим.

Чорвани касалликларга қарши эмлашда унга юбориладиган дорининг танасига кириши тўлиқ бўлмаслиги мумкин, витаминли емларда эса барча озуқа бўлиб, чорванинг танасига сингиши аниқ бўлади. Бундан ташқари, жаҳон тажрибасида чорва учун даволовчи емлар ишлаб чиқариш бор. Молга дори юбориш учун уни қувиб ушлаганда ёки йиқитганда ҳомиласига таъсир қилиши мумкин. Бўрдоқига боқиладиган қўйга қўлда дори берилса, у ўша куни 200-300 грамм вазн ташлайди. Даволовчи емлар ишлаб чиқарилса, бу жараёнда қийинчилик бўлмайди.

Қўй териси ва жуни қайта ишлаш талабига мос эмас

Гўштни кўпайтириш, чорвани кўпайтиришга илмий жиҳатдан ёндашилмаса, самара бермайди. Шу билан бирга, эскича усулларда ишлаш ҳам давр талабига мос келмайди. Битта қўйга 2,5 гектар ер берилиб, алмашлаб боқиш имконияти бўлса, фасллар бўйича яйловларни алмаштириш имкони берилса, режа билан иш қилинса, чорванинг териси ва жунининг сифати ўзгаради.

Ҳозирда жунлар микроскопда кўрилса, толаси ёрилиб ётибди. Чунки жунга ҳам витамин керак. Озғин молдан олинадиган тери, жун ҳеч нарсага ярамайди.

Чорвачиликда жун ва терини қайта ишлаш ва экспорт йўлга қўйилса, чўпоннинг ойлиги билан фермер хўжалигига кетадиган харажатларни қопласа, олинадиган фойда гўштдан бўлади. Фойда катта бўлса, фермер ҳам гўшт нархини арзонлаштиришга ҳаракат қилади.

Хулоса ўрнида

Чорвачиликни ривожлантириш мақсад қилинган экан, чорвадор фермерларга тақдим этилажак ер, ем-хашак масаласини, уларни қандай ишлаб чиқариш, нархни арзон қилиш, бўрдоқичилик кластерлари ташкил этиш, ветеринария хизматларини тўғри ташкил этиш зарур бўлади. Акс ҳолда, барчаси қуруқ гапдан бошқа нарса бўлмайди.

Демак, соҳани ривожлантириш учун логистикадан бошлаб, субсидия, яйловлар масаласи ва хўжаликларда боқиладиган қўй ёки қорамолга ёрдам бериш масаласини кўриб чиқиш керак.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Мавзуга оид