Ўзбекистон | 17:29 / 13.11.2020
23408
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қаршидаги кўп қаватли уйларни бориб кўрди

Қарши шаҳрининг Наво маҳалласида 7та 16 қаватли уй қурилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур турар жойларни кўздан кечирди.

Бу ҳудудда жами 39та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, беш босқичда амалга оширилади.

«Айни пайтда, биринчи босқичда 3та турар жой қуриб битказилган. Бунёдкорликда сейсмология ва архитектура талабларига алоҳида эътибор қаратилган. Сифатли, энергия тежовчи материаллардан фойдаланилган. Хонадонларнинг ҳар бирига алоҳида сув иситиш мосламалари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари уйларнинг қурилиш технологияси ва сифатига эътибор қаратди. Ёнғин хавфсизлигини, коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ҳудуд ободонлаштирилган, болалар майдончаси ташкил этилган. Яна 4та кўп қаватли уйни келгуси йил март ойида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Шунингдек, 1680 ўринли мактаб, 2та мактабгача таълим муассасаси, поликлиника, супермаркет, спорт майдонлари, истироҳат боғи ва бошқа объектлар барпо этилади.

Бу ерда автомобил йўллари қуриш ва таъмирлаш, Қарши шаҳрида иситиш, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти ўтказилди.

Шу билан президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сафари якунланди.

Мавзуга оид