Жамият | 10:41 / 13.11.2020
15199
2 дақиқада ўқилади

Шунча асаббузарликлар шартмиди? Деҳқонобод туман МИБ пенсионер пулини қайтарди

Шу йилнинг 3 ноябр куни «МИБ ноқонуний ундирилган жаримани кекса пенсионерга қачон қайтаради?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Куни кеча пенсионер Бекназар Жўраев Kun.uz билан боғланиб, муаммо қисман ҳал бўлганини хабар қилди.

Унинг билдиришича, мақоладан сўнг нотўғри ундирилган жарима бир марталик тўлов билан қайтарилган ҳамда хонадонга янги газ ҳисоблагич ўрнатилган.

Албатта, мақолада акс этган муаммони ҳал этишга тезкорлик билан ёндашиш мақтовга арзигулик ҳол. Бироқ лаҳзада ҳал қилиш мумкин бўлган ишни апрел ойидан бери судраш, нафақадаги инсон ва атрофидагиларнинг асабини бузиш кимга керак бўлди, деган савол туғилади.

Ваҳоланки, МИБнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси туман бўлими қарорини бекор қилган чоғдаёқ барчасига нуқта қўйиш мумкин эди-ку.

Энди мулоҳаза юритиб кўрайлик: ушбу туманда, Қашқадарё вилоятида, ёинки республикада Бекназар Жўраев сингари ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилаётганлар, аммо у эшикдан бу эшикка сарсон қилинаётганлар қанча экан-а? Ҳаққини талаб қилмай барчасига кўниб кетаётганларчи? Наҳотки, уларнинг муаммолари ўз дарди-ташвишини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиққанидан кейингина ҳал этилса?!

Ўйлаймизки, ушбу арзимасдек кўринган муаммонинг ёритилиши ва ижобий ҳал бўлиши МИБнинг бошқа ҳудудлардаги бўлимлари фаолиятига яна бир бор танқидий назар солинишига сабаб бўлса...

Мавзуга оид