Фан-техника | 22:08 / 13.11.2020
18577
2 дақиқада ўқилади

Volvo 30 метрлик баландликдан янги машиналарни ташлаб антиқа синов ўтказди (видео)

Volvo компанияси 30 метрлик баландликдан ерга 10та янги машинасини ташлаб, антиқа краш-тест ўтказди. Компания машиналарни ташлаш учун автокрандан фойдаланди.   

Фото: Volvo

Синовлар реклама мақсадида эмас, балки оғир йўл-транспорт ҳодисаларида қутқарувчиларнинг одамларни машиналар ичидан чиқариб олиш малакаларини ошириш мақсадида ўтказилган. Қутқарувчиларнинг жиддий йўл-транспорт ҳодисалари жойидаги тезкор ҳаракатлари жабрланувчилар ҳаётини сақлаб қолишдаги муҳим омил ҳисобланади. 

Қутқарувчилар одатда машғулотлар учун эски машиналардан фойдаланишади. Бироқ уларнинг таъкидлашича, 10-20 йил аввал ишлаб чиқарилган ушбу эски машиналар замонавий машиналардан хавфсизлик каркаси конструкцияси, мустаҳкамлиги, чидамлилиги жиҳатидан фарқ қилади. Шу сабабли қутқарув хизмати илтимосига кўра компания қутқарувчиларга янги машиналар ажратишга қарор қилган.

Машғулотлар давомида олинган малакалар Швециянинг турли фавқулодда хизматлари томонидан қўлланади. Бу тажриба бошқа давлатлар қутқарувчиларига ҳам асқотиши мумкин.

2020 йилда Volvo максимал тезлиги 180 км/соат билан чекланган автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлади. Компаниянинг тезлик электрон чеклагичи қиймати 250 км/соатдан 180 км/соатгача туширилган илк моделлари янгиланган S90 ва V90 моделлари бўлди. 2021 йилда эса компаниянинг барча янги машиналари шундай тезлик чекловига эга бўлади.

Компания машиналарнинг максимал тезлигини чеклашдан ташқари, автомобил тезлигини ўрнатилган тезлик чекловлари ва геомаълумотлар асосида назорат қилувчи технологияларни татбиқ қилиш устида ишлар олиб бормоқда. Жумладан, гап мактаблар ва шифохоналар жойлашган кўчаларда машина тезлигининг автоматик равишда пасайтирилиши ҳақида бормоқда. 

Бундан ташқари, швед компанияси бўлғуси машиналарини маст ва эътиборсиз ҳайдовчиларни таниш тизимлари билан жиҳозлаш лойиҳасини тақдим этди. Буларнинг барчаси компания амалга ошираётган Vision 2020 дастурининг бир қисми ҳисобланади. Бу дастурдан мақсад компаниянинг янги машиналарида ўлим ва жиддий жароҳат олиш ҳолатлари сонини нолга келтириш ҳисобланади.

Мавзуга оид