Журналист Сайди Умиров 82 ёшида вафот этди
Устоз журналист, адабиётшунос ва педагог Сайди Умиров 82 ёшида вафот этди.
Атоқли ижодкор 1938 йили 10 февралда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида таваллуд топган.
1960 йилда СамДУ филология факултетини тугатиб, «Фан ва турмуш» журналида фаолият бошлаган.
1965-1967 йилларда фанлар академияси Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олган ва «Абдулла Қаҳҳор прозасида характер ва шароит тасвирида бадиий деталнинг ўрни» мавзусида диссертация ёқлаган.
Сайди Умиров ярим асрдан зиёд вақт давомида ЎзМУ ва ЎзДЖТУ журналистика факултетларида доцент, декан муовини, декан, кафедра мудири лавозимларида ишлаб келди.
У Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Олтин қалам» мукофотлари билан тақдирланган.
Сайди Умировнинг матбуот, радио, телевидениеда, тўпламларда 600дан ортиқ мақола, тақриз, очерк ва суҳбатлари чоп қилинган. Шунингдек, «Миллий адабиётлар ривожида танқидчиликнинг роли», «Санъатнинг сеҳрли калити», «Даъваткор сўз», «Солланиб оқаётган дарё», «Дорилфунунлар тақдиримда», «Толибнома», «Зиёбахш умр саҳифалари» (кейинги иккиси ҳаммуаллифликда), «Маънавият мулкига саёҳат», «Сеҳрли ва меҳрли сўз» каби китоблари нашр этилган.