Жаҳон | 10:13 / 16.11.2020
13652
2 дақиқада ўқилади

Перуда 6 кун ичида иккинчи президент истеъфога чиқди 

Фото: AP

Перу президенти вазифасини вақтинча бажараётган Мануэл Мерино де Лама истеъфога чиқди. Эътиборлиси, бундан 6 кун аввал Перунинг аввалги президенти Мартин Вискарра ҳам истеъфога чиққанди.

Мерино де Лама 10 ноябрда пора олишда айбланаётган Вискарра истеъфога чиққандан кейин унинг ўрнини эгаллаганди.

Шундан кейин мамлакатда Вискарранинг ўз лавозимидан четлатилишига қарши норозилик намойишлари бошланган. Намойишларни бостириш вақтида 2 йигит ҳалок бўлгандан кейин перулик бир қатор сиёсатчилар, жумладан вазирлар маҳкамасининг 13 аъзоси Меринонинг истеъфосини талаб қилишган ва у билан ишлашдан бош тортишган.

“Ҳозирда, Перу энг йирик сиёсий инқирозларнинг бирини бошдан ўтказаётган вақтда, бутун мамлакат эътиборига президент лавозимидан кетиш ҳақида ариза бераётганимни етказмоқчиман. Барча перуликларни тинчликка ва бирлашишга чақираман!” – деб мурожаат қилган Мерино телевидение орқали. 

Шу билан бирга у истеъфога чиқишга ариза берган 13 вазирнинг истеъфосини қабул қилишни рад этган. “Вазирлар айни вақтдаги ноаниқлик енгиб ўтилмагунча ўз лавозимларида қолади”, – деб таъкидлаб ўтган Мерино.

Перу парламенти 9 ноябрда Мартин Вискарранинг истеъфосини қўллаб-қувватлаган. Вискаррага импичмент эълон қилинишига 2011-2014 йилларда Могекуа провинцияси губернатори бўлган вақтида пора олганлиги билан боғлиқ илгари сурилган айблов сабаб бўлган. Вискарранинг ўзи пора олганини рад этмоқда. У мамлакатда айнан коррупцияга қарши кураши сабабли кенг қўллаб-қувватланган.

Мавзуга оид