Ўзбекистон | 19:11 / 16.11.2020
30259
1 дақиқада ўқилади

ХТВ ва Дўсов ишида вазирлик даъвоси қаноатлантирилди

Суд собиқ депутат Қобил Дўсовга Халқ таълими вазирлиги тизимига нисбатан айтган гаплари учун раддия бериш мажбуриятини юклади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва собиқ депутат Қобил Дўсов ўртасидаги суд жараёни ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди 16 ноябр куни Халқ таълими вазирлигининг даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Қарор мазмунига кўра, энди Қобил Дўсов ижтимоий тармоқларда ХТВга нисбатан айтган гаплари учун раддия бериши ва узр сўраши лозим.

Дўсов ва унинг адвокатлари қабул қилинган қарордан норози эканлиги ва апелляция шикояти киритишларини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қобил Дўсов ижтимоий тармоқда видеочиқиш қилиб, Халқ таълими вазирлиги тизимини танқид қилган, ўз сўзларида тизим мутасаддиларига нисбатан 10–15 марта «хоин» сўзини ишлатган. ХТВ ўз навбатида буни ташкилотнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш, деб баҳолаб, раддия бериш ва узр сўраш талаби билан судга даъво аризаси киритганди.

Мавзуга оид