Жаҳон | 10:15 / 17.11.2020
3275
2 дақиқада ўқилади

Amazon асосчиси атроф-муҳит муҳофазасига деярли 800 млн доллар ажратди

Фото: AP

Amazon асосчиси ва дунёнинг энг бадавлат одами Жефф Безос атроф-муҳит муҳофазаси учун 791 млн доллар ажратди. Бу ҳақда унинг ўзи Instagram’да маълум қилди.

Безоснинг таъкидлашича, пуллар жорий йилда ташкил этилган “Безоснинг Ер жамғармаси”дан илк 16та ташкилотга ажратилган. “Бугун мен “Безоснинг Ер жамғармаси”дан биринчи грант олувчилар - инновацион, амбициоз ва жадал ечимлар устида иш олиб бораётган 16та ташкилот ҳақида эълон қилишдан мамнунман”, деб ёзган миллиардер.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, бу маблағларнинг ажратилиши Ернинг келажагини ҳимоя қилувчи олимлар, фаоллар, ноҳукумат ташкилотлари молиялаштирилишининг бошланишидир. Грант олган ташкилотлар орасида Дунё ресурслари институти, Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF), Иқлим ва соф энергия соҳасидаги адолат жамғармаси, ClimateWorks Foundation жамғармаси, ўрмонларни тиклаш лойиҳалари Eden, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамғармаси, Табиий ресурслар муҳофазаси бўйича кенгаш, Қояли тоғлар институти, Солк биологик тадқиқотлар институти ва бошқа ташкилотлар бор.

Безос 2020 йил февралида “Безоснинг Ер жамғармаси” ташкил этилишини эълон қилиши вақтида жамғармага 10 млрд доллар ажратишини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши сайёрамиз учун энг катта таҳдид ҳисобланади. 

Июлда Безоснинг собиқ рафиқаси, миллиардер билан ажрашгандан кейин дунёдаги энг бой аёлга айланган Маккензи Скотт хайрия ташкилотларига 1,7 млрд доллар ажратгани маълум қилинганди. Пуллар 116та ташкилот ўртасида тақсимланган. Жумладан, 586 млн доллар ирқий тенгсизликка қарши курашга, 400 млн доллар иқтисодий мобилликни илгари сурувчи ташкилотларга, 133 млн доллар гендер тенгликни қўллаб-қувватловчи нотижорат ташкилотларига ажратилган.

Безоснинг бойлиги августда Amazon акциялари қимматлашиши ортида биринчи марта 200 млрд доллардан ошганди. Forbes нашри маълумотларига кўра, ҳозирда миллиардернинг бойлиги 183 млрд долларни ташкил қилмоқда.  

Мавзуга оид