Жаҳон | 08:18 / 17.11.2020
4318
2 дақиқада ўқилади

Перуда бир ҳафта ичида иккинчи президент сайланди

Фото: AFP

Перу конгресси депутат-центрист Франсиско Сагастини мамлакатнинг вақтинчалик президенти этиб сайлади. Бу мамлакатда ўтган ҳафта давом этган норозилик намойишлари ва икки президентнинг истеъфога чиқишидан кейин юзага келган мураккаб сиёсий вазиятни юмшатиш мақсадида амалга оширилди. 

“Морадо” партияси вакили 76 ёшли Сагасти конгрессга бошчилик қилиш учун етарлича овоз тўплади. Конституцияга кўра, 2021 йил апрелга белгиланган умуммиллий сайловларгача айнан у президент лавозимини эгаллайди.

Сагасти бир ҳафта ичида Перунинг учинчи президенти бўлади. 15 ноябрда президент лавозимини вақтинча эгаллаётган Мануэл Мерино президентликка  қасамёд келтиргандан 5 кун ўтиб истеъфога чиқди. Ундан олдинроқ эса Мартин Вискарра порахўрликда айбланиб, президент лавозимидан четлатилганди. Бироқ Вискарра ўтказаётган ислоҳотлари сабабли кўплаб перуликлар томонидан қўллаб-қувватланади. 

Кузатувчиларнинг фикрича, Жаҳон банкининг собиқ ходими бўлган Сагасти президент лавозимида Перуда барқарорликка эришиш каби жиддий муаммога тўқнаш келади. Ҳозирда Перу коронавирус пандемиясидан жиддий жабр кўрган ва 100 йил ичидаги энг ёмон иқтисодий ҳолати томон яқинлашмоқда.

Мавзуга оид