Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 17 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида ёшлар билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги видеохабар берган.
Учрашувда ёшлардан бири Волонтёрлар ассоциацияси ёки федерацияси очилса, Ўзбекистондаги барча волонтёрларнинг бир жойда жамланиб ишлашига имконият яратилиши ҳақида фикр билдирган. Бунга жавобан ҳоким волонтёрлик хизматларига шубҳа билан қарашини таъкидлаб ўтган.
«Товар, пул олиш, Payme'дан пул ўтказиб бериш, кимнингдир нимасига олиб бориб бериш... Ҳаддан ташқари кўпайиб кетяпти волонтёрлар. Битта нарсани тўғри тушунинглар, сал шубҳага боряпман-да охирги пайтда.
Бу волонтёрлик касбми, ё ҳақиқатда ёрдам беришми, ё бундан даромад олишми, шунинг фарқига боролмаяпман. Тушунтира олдимми? Ўзи волонтёр тушунчаси нима дегани? Кўнгилли ишчи. Лекин мен бирор волонтёр уйда ётган қариянинг оёғига тоғора тутиб, совунлаб ювиб қўйганини кўрмадим. Уйда ётган аёлларнинг сочини тараб қўйинг, сочини ювиб қўйинг, дейиш мумкин аёл-қиз волонтёрларга. Ҳеч шуни кўрганим йўқ-да.
Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб бориб ташлаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак. Волонтёрлик хизматлари бўйича ҳам ўзи бир кўриб чиқиб, чуқур ўйлашимиз керак. Бу енгил ўйлаб ўтирадиган нарса эмас», – деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Қайд этиш жоиз, пандемия Ўзбекистондаги волонтёрлик ривожига туртки бўлиб, соҳани қўллаб-қувватлаш зарурати борлигини кўрсатиб берганди.
Карантин даврида кўплаб жамоатчилик фаоллари эҳтиёжманд оилаларга беғараз кўмак кўрсатгани, хайрия қилмоқчи бўлган тадбиркорлар ва муҳтож инсонлар ўртасида боғловчи кўприк бўлгани диққатга сазовор.
Ижтимоий тармоқларда ёйилган хайрия акциялари билан бирга, расман ташкил этилган Ягона мувофиқлаштирувчи марказ, «Хавфсиз ёрдам» акцияси, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларини амалга оширишда ҳам волонтёрлар гуруҳлари марказий ўрин тутди.
Президент Шавкат Мирзиёев баҳор ойларида кўнгилли бўлиб волонтёрлик ҳаракатида қатнашаётган фидойи ёшларга миннатдорчилик билдирган















