Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу касалликдан қандай сақланиш, уни аниқлаш ва даволаш усуллари ҳақидаги саволларга тиббиёт фанлари доктори, профессор Феруза Ҳамрабаевадан жавоб олди.
— Ошқозон яраси пайдо бўлганини қандай аниқлаш мумкин?
— Ошқозон яраси пайдо бўлганда кўпинча қориннинг юқори қисмида оғриқ кузатилади. Алкоголли ичимликлар ва аччиқ озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ёки жисмоний оғир ишларни бажарганда бу оғриқ янада кучаяди. Оғриқ кузатилган заҳоти шифокорга мурожаат қилиш зарур. Шифокорлар эса беморнинг бошқа аломатларига таянган ҳолда ошқозон яраси борлиги ташхисини қўйиб, уни аниқлаш бўйича зарур текширувларни ўтказади.
Бундан ташқари, жиғилдон қайнаши — беморлар энг кўп шикоят қиладиган белгилардан бири. У одатда овқатлангандан бир-бир ярим соат кейин содир бўлади. Шунингдек, оғиз бўшлиғида аччиқ ёки нордон таъм сезилиши, қайт қилиш, қорин дам бўлиши кабилар ҳам касалликнинг асосий белгиларидан ҳисобланади.
— Ошқозон ярасини қандай даволаш усуллари бор?
— Ушбу касалликни фақат битта муайян дори ёрдамида даволаб бўлмайди. Ёндашув комплексли бўлиши, шунингдек, меъда ширасининг кислоталилигини камайтириш талаб этилади, бу жуда кўп ёқимсиз аломатларни (айниқса, жиғилдон қайнаши, кекириш ва кўнгил айниши) бартараф этиб, асоратлар ривожланишига тўсқинлик қилади.
Айни кунда мазкур касалликни даволашнинг яна бир усули жарроҳлик амалиёти бўлиб, бу — яраларнинг жойлашиши, келиб чиқиш сабаби ва ҳолатига кўра, ушбу аъзонинг маълум бир қисмини оператив йўл билан резекция қилишдан (кесиб олиб ташлаш) иборат.
Операция қилишнинг икки йўли бор. Улардан бири Паллиатив вақтинчалик жарроҳлик амалиёти бўлиб, кекса, нимжон ва аҳволи оғир беморларда ўтказилади. Радикал операция амалиёти эса яра жойлашган соҳа соғлом тўқимага қадар кесиб олиниб, беморнинг бу дарддан буткул қутулишига имкон яратади. Ҳозирги пайтда бундай жарроҳлик услуби яхши ишлаб чиқилган.
— Касалликдан сақланиш учун нима қилиш керак?
— Ошқозон яраси пайдо бўлишига тўғри овқатланмаслик, узоқ вақт оч юриш, инсон саломатлигига зарар етказувчи маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳамда кучли стресс ҳолатини бошдан ўтказиш ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, соғлиқ учун зарарли маҳсулотлар, ҳазм бўлиши оғир бўлган ўта ёғли, хом пиширилган таомлардан сақланиш керак.














