12:33 / 24.11.2020
6728

Ўзбекистонда Covid-19 инфекцияси бўйича 6та илмий изланиш олиб борилмоқда

Соҳалар ривожини ушбу тизимдаги фундаментал ва амалий фан бўйича илмий тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ҳамда ҳаётга татбиқ этилаётган ихтиро ва кашфиётлар белгилаб беради. Хўш, бугунги кунда тиббиётимизнинг илмий салоҳияти қайд даражада? Жорий йилда қандай илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда? Дунё тиббиёти эътибор марказидаги Covid-19 инфекцияси бўйича Ўзбекистонда ҳам илмий изланишлар кетмоқдами? Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати айни шу саволларга вазирлик фанни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Акмал Сиддиқовдан жавоб олди.

— Айни пайтда мамлакатимизнинг тиббиёт соҳаси бўйича илмий салоҳияти ҳақида тўхталсангиз.

— Айни пайтда олимларимиз тиббиёт соҳасидаги дунёнинг нуфузли конференция, анжуманларида маърузалар қилиб, йирик илмий-маърифий журналларда илмий иш ва мақолалари билан қатнашиб келишмоқда.

Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш тизимида 8 нафар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, 831 нафар фан доктори, 1 минг 600 нафардан ортиқ фан номзодлари фаолият юритиб келмоқда. Улар ўз навбатида таълим муассасалари, илмий марказ ва институтларда ишлаб, тиббиёт соҳаси ривожига катта ҳисса қўшяпти. 

—  Бутун дунёда коронавирус инфекциясини даволаш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борада илмий лойиҳалар борми?

— Албатта, ҳозирда дунёдаги барча тиббиёт муассасалари, табиий фан йўналишидаги олим ва профессорлар коронавирус инфекциясида самара берадиган дори воситалари ёки вакцина ишлаб чиқиш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Ўзингизга маълум, айрим мамлакатлар тажрибаларини эълон қилаётган бўлса-да, ҳали-ҳануз узил-кесил ижобий натижага эришилгани йўқ. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам Covid-19 инфекцияси бўйича 6та илмий лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. 

Хусусан, «Коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва қайта касалланишининг эпидемиологияси, прогнози ва профилактикаси», «Далилларга асосланган тиббиёт асосида Covid-19’ни этиотроп ва патогенетик даволашнинг янги моделини ишлаб чиқиш» лойиҳалари шулар жумласидан. Бу лойиҳалар Covid-19 инфекциясининг инсон организмига таъсирини камайтириш ва даволашнинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган. 

—  Жорий йилда яна қандай илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда?

— Сўнгги 10 йил ичида ўтказилган илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, соғлиқни сақлаш тизимида ихтиролар ва фойдали моделлар учун 226та патент ҳамда ЭҲМ дастури учун 186та гувоҳномалар олинди. Илмий марказлар ва таълим муассасалари кучлари билан кардиожарроҳлик, нейрохирургия, онкология, трансплантология, травматология ва ортопедия, офтальмология, эндокринология ва урология соҳаларида юқори технологик жарроҳлик аралашувлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, мушаклар-скелет тизимининг синишини ва касалликларни даволаш, жарроҳлик касалликлар, ўсмалар олиб ташланганидан кейин тўқималарни алмаштириш, тиш имплантацияси, фотосенсибилизацияланган ташхис қўйиш, даволаш ва бошқалар учун асбоблар ва улар учун сарфланадиган материаллар яратилган бўлиб, улар учун 100га яқин ихтироларга талабномалар топширилиб, патентлар олинган.

2018 йилдан бери 1 минг 200 нафардан ортиқ илмий ходим билан давлат илмий-техника дастурлари доирасида жами 32,4 млрд сўм миқдоридаги илмий грант ишлари бажариб келинмоқда. Шунингдек, жорий йилда тиббиёт фанлари бўйича 164та докторлик диссeртациялари ҳимоя қилинган бўлиб, шулардан 34та докторлик (DSc) ва 130та фан номзодлиги (PhD) ишлари ҳимоя қилинди. Улар асосида бир неча ихтирога патент ва ЭҲМ дастурлари учун гувоҳномалар олинди.

Хулоса қилиб айтганда, айни пайтда Ўзбекистонда тиббиёт илм-фан соҳасини ривожлантириш учун илмий ишларни кўриб чиқиш ва антиплагиат тизимда текшириш ва унга хулоса бериш борасида янгича механизмдан фойдаланилмоқда. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top