Ўзбекистон | 22:51 / 27.11.2020
7061
3 дақиқада ўқилади

«Корхона тўловдан қочиб ишчилари ҳужжатини архивга топширмаслиги оқибатида пенсия ва иш ҳақи кам чиқади» – Пенсия жамғармаси ходими

1991-2005 йилларда давлат ва хусусий корхоналарда ишлаган аксарият фуқаролар пенсия олишда муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар Чилонзор туман бўлим бошлиғи Гулнора Муродова kun.uz мухбирига берган интервьюсида айтди.

«Ҳозирги пайтда пенсия таъминотидаги асосий муаммолардан бири шуки, аксарият фуқароларнинг ишлаган иш стажлари ёки ойлик иш ҳақларини топиш имкони бўлмаяпти. Бу асосан 1991 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда давлат ва хусусий корхоналарда ишлаганлар орасида кузатилмоқда.  

Ташкилот архив идораларига ўз ходимлари ҳужжатларини вақтида топширмагани ёки умуман тақдим этмагани оқибатида пенсионерлар ва жойларда ишлаётган фуқаролар иш стажлари ёки ойлик иш ҳақлари миқдори кам чиқаётгани аниқланяпти. Бу эса оворагарчилик ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Корхона албатта ҳужжатларни архив идораларига топшириши лозим.

Афсуски, корхоналарга ходимлар маълумотномаларини архив идораларига топшириш мажбурияти қонунда белгиланмаган. Шу талаб бўлганида эди, улар ҳужжатларни топширишга мажбур бўларди», деди у.

Гулнора Муродованинг сўзларига кўра, корхоналар тўловлардан қочган ҳолда ҳужжатларни топширмайди ва бунинг оқибатида фуқаролар иш стажларини тасдиқлаш имконияти бўлмайди.

«Корхонанинг ўзи ҳам, муҳри ҳам йўқ.  Шундай ҳолларда фуқаролар керакли тўловларни қилгач, ҳужжатларни ўзлари учун архив идораларига топширишади.

Ҳужжат умуман топилмаган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг 252-сонли қарори тегишли бандларига асосан суд орқали тасдиқлатиш имконияти бор. Бунинг учун судга ўзи билан бирга ишлаган камида 2 нафар гувоҳни олиб борган ёки архив идорасидан  “шу ҳужжатлар топширилмаган” деган маълумотнома олиб борилган тақдирда суд ўша ҳужжатни кўриб чиқади. Бу ҳам фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлмоқда», – деди у.

Маълум қилинишича, 2005 йилдан ҳозирги давргача ҳужжатлар топилмаган тақдирда ҳам фуқаролардан Халқ банкининг махсус ҳисобрақамига 1 фоизлик тўлов тушиб боради. Ўша тўловга қараб ҳам ойлик иш ҳақларини ҳисоблаб чиқиш имконияти бор. Муаммо фақат 1991-2005 йиллар оралиғидаги меҳнат стажларига тўғри келмоқда. Масаланинг муҳим томони эса айни кунларда ўша даврда ишлаган фуқароларнинг кўпчилиги пенсия ёшига етиб келган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид