23:13 / 02.12.2020
14217

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари оммавий қабулда энг кўп мурожаат тушган масалани маълум қилди

Тошкентда сайёр қабуллар давом этмоқда. Ижтимоий соҳа раҳбарларининг қабуллари орасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари қабулига энг кўп мурожаатчи йиғилди.

Kun.uz мухбири вазир ўринбосари Элмира Боситхонова билан суҳбатда бўлди.

«Эътибор берган бўлсангиз, бугун кўпроқ ўша пандемия даврида ишлаган ходимлар: шифокорлар, эпидемиологлар, техник ходимлар, электриклар, сантехниклар шикоятлар билан келишяпти... Диагностика марказлари бўлган, яъни тафтиш қилинадиган, агар COVID тасдиқланса, махсус клиникаларга ўтказадиган. Шундай клиникаларда ишлаганларга 6 фоизли устама берилган. Ана шу 6 фоизли устамадан қониқмасдан, 5 миллион, 10 миллион, 25 миллионлик қўшимча тўловлар керак, деган талаблар билан келишяпти.

Бу ҳолатларнинг ҳар бирига сиз тўғри олгансиз, сиз нотўғри олгансиз деб бугун жавоб бермасдан, ҳар бири устида алоҳида хизмат текшируви ўтказиб, шу асосда хулосалар берамиз. Агар бу хулосадан қониқмаса, судга мурожаат қилиши мумкинлиги тўғрисида ҳам айтяпмиз.

Қабулдан сўнг, эртадан бошлаб мен ҳар бир қабул бўйича, мисол учун молиявий масалаларни молия бошқармасига бераман. Улар алоҳида текширишади, бунда Санитария-эпидемиология хизмати хулосалари ҳам керак бўлади. Қаерда, қачон, неча кун ишлагани ҳақида хулосалар берилади», – дейди вазир ўринбосари.

Боситхонованинг таъкидлашича, бундан 3–4 йил олдин мурожаатларда асосан эшитиш мосламалари ва ногиронлик аравачалари сўралган, бу йилги қабулда эса бундай мурожаат деярли кузатилмаяпти.

«Бугунги қабулда эшитиш мосламалари ва ногиронлик аравачалари бўйича битта мурожаат қабул қилинган. Мурожаатчи турмуш ўртоғига ҳам эшитиш мосламаси, ҳам аравача сўраб мурожаат қилган. Булар – ечими осон муаммолар», – деди у.

ССВ расмийсининг қўшимча қилишича, ногиронликни белгилашда поликлиникадаги шифокорларнинг эътиборсизлигидан норозиликлар бўйича ҳам мурожаатлар тушган.

Top