Ўзбекистон | 08:58 / 03.12.2020
3643
4 дақиқада ўқилади

ХТВ ҳузуридаги республика ташхис маркази фаолияти такомиллаштирилади

Умумий ўрта таълим тизимида инклюзив шароитларда таълим олувчилар учун фанларнинг ўқитиш методикалари, узлуксиз ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш тартиби ва психологларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ таълими вазирлигининг вазирлик ҳузуридаги “Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази”ни Халқ таълими вазирлигининг “Республика психологик-педагогик маркази” деб қайта номлаш бўйича таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Республика психологик-педагогик марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • умумий ўрта таълимда инклюзив таълимни ташкил этишга қўйиладиган талаблар, таянч ва вариатив ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
  • алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар ва педагоглар учун махсус намунавий адаптив таълим дастурлари, ўқув адабиётлари, методик қўлланмалари ва тавсияларини яратиш;
  • алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар учун инклюзив шароит ва таълимда тенглик механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда қатнашиш;
  • ўз йўналишида яратилган методик адабиётларни экспертиза қилиш, уларни таълим тизимида қўллаш бўйича хулоса бериш, уларни тажриба-синовдан ўтказиш ишларига раҳбарлик қилиш;
  • умумий ўрта таълим муассасаларининг 7-11-синф ўқувчиларини касбий қизиқишлари ва қобилиятларини аниқлаш бўйича ягона онлайн платформани яратиш ва маълумотлар базасини шакллантириш;
  • 7-11 синф ўқувчилар учун “Касблар оламига саёҳат” ҳамда “Менинг келажакдаги касбим” мавзусида махсус курс дастурини ишлаб чиқиш;
  • Марказ ўз йўналишида психологлар, ўқитувчи-логопедлар, инклюзив таълим педагогларини ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган (масофавий) ҳолда қайта тайёрлаш курсларини замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш;
  • Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган баҳолаш мезонлари (KPI) асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари Болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш марказлари методистлари фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва рейтингини чиқариб бориш.

Белгилаб қўйилишича:

  • 2021 йил 1 апрелдан Марказ директорининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра базавий лавозим маош миқдорлари олий таълим муассасаси ректорига, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари – олий таълим муассасаси проректорига, таркибий бўлинмалар бошлиқлари – олий таълим муассасасининг факультет деканининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади;
  • Марказ ижтимоий-психологик хизмат, инклюзив таълим сифатини ошириш мақсадида қўшимча равишда ишга жалб қилиш бўйича юқори малакали мутахассислар, жумладан хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар имзолаши;
  • Марказ раҳбарияти ва ходимларининг иш ҳақига қўшимча устама белгилаш, моддий рағбатлантириш, шунингдек касбий фаолиятида ўрнак кўрсатаётган ходимларни халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида хорижга хизмат сафарлари, илмий-амалий семинарлар, конференцияларга юбориш учун бюджетдан ташқари топилган маблағларидан фойдаланиши мумкин;
  • таълим муассасалари психологларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифасини бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш Республика педагогик-психологик марказининг расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилади;
  • психолог ходимларга барча малака тоифаларини бериш, шунингдек, талабгорларни аттестациядан ўтказиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Бунда, психолог ходимларнинг олий маълумот ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломида кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликлари бўйича имтиҳонлар ташкил қилинади ва ахборот тизимларини қўллаган ҳолда уларнинг фаолият самарадорлиги баҳоланади;
  • психолог ходимларга малака тоифаларини бериш бўйича навбатдаги аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди, навбатдан ташқари аттестациядан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид