Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Chopar Pizza «олтин пицца»ларни сотувга чиқарди. Маблағлар саратонга чалинган болаларни даволашга сарфланади
Chopar Pizza ресторанлар тармоғи «Эзгу амал» жамғармаси билан биргаликда «Олтин пицца» хайрия лойиҳасини амалга оширмоқда.
Тармоқ вакилларининг маълум қилишларича, акция орқали келиб тушган маблағ саратонга чалинган болаларнинг даволаниши учун йўналтирилади.
«Ҳар йили ўзбек компаниялари ўз ходимларига янги йил совғалари учун ўртача 30 млн сўм атрофида маблағ сарфлайдилар. Chopar Pizza Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги компанияларнинг 2020 йилги корпоратив сарфлардан воз кечиб, ушбу маблағларни хайрия ишларига йўналтиришга, уларни ҳақиқатан зарур манзилга сарфлашга чақиради», – дейилади ресторан маъмурияти хабарида.
Маълумот учун, «Эзгу амал» хайрия жамғармаси саратон касаллигига чалинган болаларни даволаш учун маблағ йиғиш билан шуғулланади. Болаларнинг зарур тиббий ёрдамни олишларига кўмаклашади. Жамғарма фуқаролар ва кўнгилли компаниялар томонидан молиявий ёрдамлар эвазига ишлайди.
Ушбу фонд ва Chopar Pizza ҳамкорлигидаги хайрия лойиҳасида рамзий «олтин пицца» сотувга қўйилмоқда. Унинг нархи 999000 сўмни ташкил қилади.
Ноёб рецепт таркибига қази, мазали пишлоқлар ва махсус оқ соус киради.
«Олтин юрак» акциясидан тушган барча маблағлар «Эзгу амал» жамғармаси васийлигидаги болаларнинг соғайиши йўлида сарфланиши белгиланган.
Ташкилотчиларга кўра, «Олтин пицца»га 6 декабрдан 9 декабргача (99) 911-77-47 рақамига қўнғироқ қилиш орқали буюртма бериш мумкин.
Пиццалар 10-11 декабр кунлари жонли эфирда тайёрланади ва хайрия тадбирида иштирок этишга қарор қилган сахий инсонларга етказиб берилади.
«Саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам қўлини чўзинг. Меҳр улашинг, кимнингдир юраги уришда давом этсин», – дея ўз хабарини якунлаган Chopar Pizza.