10:03 / 04.12.2020
5881

Мудофаа вазирлиги штатида мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 фоизи янгиланди

2020 йил 3 декабр куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. 

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, мажлисда Ўзбекистон мудофаа вазирининг мамлакат Қуролли Кучлари ва ҳарбий қурилишини ривожлантириш ҳамда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш бўйича 2020 йилнинг 10 ойи давомида бажарилган вазифалар ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини сифатли ташкил этиш ҳамда юқори даражага кўтариш мақсадида “Чирчиқ” полигони ҳудудида Мудофаа вазирлигининг моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази янгидан барпо этилган.

Тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази, “Каттақўрғон”, “Термиз”, “Ангрен” ва “Сазаган” полигонлари халқаро талабларга мос равишда янги кўринишда таъмирланди. Уларнинг ўқув-моддий базалари замонавий воситалар билан жиҳозланган.

Ҳар йили такрорланиб ўтказиладиган машғулотларга чек қўйилди. Ҳафтанинг қаторасига 4 куни фақат жанговар тайёргарликка ажратилиб, машғулотлар сифати ва сони оширилган.

Сўнгги йилларда қўшинларни янги қурол-аслаҳа ва техникалар билан таъминлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилиши натижасида штатда мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 фоизи янгиланган.

Мажлисда 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида айрим топшириқларнинг ижроси тўлақонли бажарилмаганлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, сўнгги ойларда кузатилган эпидемиологик вазият сабабли мамлакатда мавжуд айрим ҳарбий шаҳарча ва полигонлардаги объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари тўлиқ якунига етказилмаган.

Бундан ташқари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида ҳудудий хусусиятларни инобатга олган ҳолда ёшларнинг тоифаларидан келиб чиқиб, мақсадли ва манзилли тадбирларни амалга ошириш ишлари суст олиб борилган.

Шунингдек, бугунги кунда олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнлари бир нечта босқичда олиб борилиб, ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

Мажлисда Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Мудофаа вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида тегишли қарори қабул қилинди.

Top