Ўзбекистон | 12:53 / 05.12.2020
3029
3 дақиқада ўқилади

Конларни ўзлаштириш мониторинг қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг «Нефт ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, ФВВ, Фанлар академияси ва Энергетика вазирлигининг «Денгизкўл», «Ҳисор», «Қандим» ва «Оққул» конларида углеводородларни қазиб олишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини 2021 йил 1 мартдан эътиборан жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Тизим халқаро тажрибалар асосида «Денгизкўл», «Ҳисор», «Қандим» ва «Оққул» конларини ўзлаштиришда синаб кўрилди.
 
Нефт ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилади:

  • мунтазам сейсмометрик, геофизик ва космик геодезия комплекс кузатувларини ташкил этиш ва амалга ошириш;
  • углеводород хомашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компанияларни нефт ва газ конларида сейсмикликнинг ўзгариши тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш;
  • фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли техноген зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўламини прогнозлаш, шунингдек сейсмик режимнинг ўзгариши натижасида фавқулодда вазият юзага келиши мумкин бўлган алоҳида хавфли вазиятлар тўғрисида манфаатдор ташкилотларга зудлик билан хабар бериш.

Низомда мониторинг тизимини ташкил этиш, уни амалга ошириш ва молиялаштириш тартиби қайд этилган.
 
Энергетика вазирлигига қуйидаги вазифалар топширилди:

  • 2021 йил 1 январга қадар Фанлар академияси ва ФВВ билан биргаликда республика ҳудудида ўзлаштирилаётган нефт ва газ конларида мониторинг тизими ташкил этиладиган конлар рўйхатини шакллантириш;
  • маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан нефт ва газ конларида мониторинг тизимини жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, шунингдек тадқиқотлар учун зарур бўладиган барча маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этилишини назоратга олиш;
  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Электрон ҳукумат» тизими доирасида шакллантирилган идоравий ахборот тизими функцияларини мониторинг тизими жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш.

Ҳужжат 26.11.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид