Спорт | 18:25 / 09.12.2020
19888
14 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ: «Камп Ноу»да Роналду Мессидан устун, Парижда ирқчилик можароси ва Сульшернинг қўрқинчли туши

Сешанба куни Чемпионлар лигасида тўрт гуруҳда охирги ўйинлар бўлиб ўтди, «Юве» «Барса»ни енгди, «Лейпциг» «МЮ»ни ортда қолдириб плей-оффга йўл олди, «ПСЖ» ва «Истанбул» учрашуви ирқчилик можароси туфайли кейинга қолдирилди.

«Юве» мавсумдаги энг яхши ўйинини ўтказди
G гуруҳи
«Барселона» — «Ювентус» — 0:3
(Криштиану Роналду, 13, пенальтидан, 52, пенальтидан. Маккенни, 20).

Ўтган ўн йиллик давомида Месси ва Роналду қарама-қаршилиги испан чемпионати ва бутун дунё футболи безагига айланган, икки футбол даҳосининг ғайриоддий имкониятлари барчани ҳайратлантириб келганди. Икки йилу етти ой икки кунлик танаффусда нафақат миллионлаб мухлислар, бу икки юлдузнинг ўзи ҳам бир-бирини соғиниб қолишди. Шу даражадаки, «Барселона» ва «Ювентус» муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилиб улгурган бўлса-да, бу азалий рақибларнинг бирортаси натижаси аҳамиятсиз бўлган ўйинда таътил олиш ҳақида ўйлаб ўтирмади. Қолаверса, жамоаларнинг гуруҳ босқичи доирасидаги Туриндаги биринчи ўйинини Роналду коронавирусга чалингани туфайли ўтказиб юборганди.

Футбол мезонлари бўйича Лео ва Криштиану кексайган, аммо барибир уларнинг навбатдаги учрашуви уларнинг иккиси учун ҳам ҳозиргидек мураккаб даврда ва ноқулай шароитда бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Аргентиналик футболчи тез орада ўз келажаги борасида қарор қабул қилиши керак, чунки ҳозирги жамоаси билан ҳолати ҳавас қилгулик эмас. «Барселона» ички чемпионатда ўтган турда дебютант «Кадис»га ютқазиб қўйди ва ла лигада тўққизинчи ўринга тушиб кетди - жамоани «хавфли ҳудуд»дан атиги уч очко ажратиб турибди. Португалиялик футболчининг ҳам «Ювентус»даги истиқболи туман ичида, у Андреа Пирлонинг талабларига бўйсунишни истамаяпти. Турин дербисида қийинчилик билан ғалабага эришилди, кўплаб мухлислар ҳозирда Чемпионлар лигаси кубоги ҳақида эмас, скудеттони сақлаб қолиш ҳақида кўпроқ ўйлашмоқда.

Лекин Месси ва Роналду тўқнашуви — ўзига хос дерби. Бу барчасини бир четга суриб қўйиш мумкин бўлган ўхшаши йўқ ҳодисадир. Бу ўйинда деярли ҳеч ким беш ойлик танаффусдан кейин ниҳоят майдонга қайтган ва яқин келажакда «Ювентус»га ўтадиган Умтитига эътибор қаратмади. Ахир бу кимга ҳам қизиқ, майдонда бошқа уникал футболчилар турганида? Улар профессионал фаолияти давомида 700дан ортиқ гол урган ва ҳали ҳам фаолиятини давом эттираётган икки футболчидир, ҳозирги футболчилар орасида фақатгина улар ЕЧЛ ўйинларида учта рақам билан ифодаланадиган голлар уришган.

Ҳакам ҳуштаги янграшидан олдин Лео ва Криштиану бир-бирини қучоқлаб суратга тушиши — бу оқшомнинг асосий кадри эди. Ўйин илк дақиқаларданоқ «Юве» ташаббуси билан бошланди. Ўйиндаги биринчи зарбани португалиялик юлдуз берди ва бу зарба тер Штегенни тер тўкишга мажбур қилди. Бир неча дақиқа ўтиб мезбонлар ҳимоячиси Араухо ва Роналду ўртасидаги яккакурашдан кейин арбитр «нуқта»ни кўрсатди. Бу вазиятда яққол қўполлик кўринмади, аммо тарихда бу эмас, Криштиану ЕЧЛда «Барса» дарвозасига илк марта гол ургани қолади. Бу унинг асосий еврокубокда каталонияликларга қарши ўтказган олтинчи ўйини эди, у бу жамоа дарвозасига бошқа турнирларда жами 18 гол урган.

Ўйин голдан кейин ҳам меҳмонлар устунлигида кечди. Каталонияликлар «Камп Ноу»да Буффонни қандай қилиб ҳайрон қолдириш йўлини қила олишмади. Жижи Мессининг  ўзига хос ерлатиб берилган кучли зарбасини қайтарди, бу вақтда «Юве» ҳисобдаги фарқни иккитага ошириб бўлганди. Маккенни ва Куадрадо худди машғулотлар вақтидагидек икки пас билан рақиб ҳимоясини доғда қолдиришди. Шундай қилиб кўк-анорранглилар Чемпионлар лигасида илк марта ўйиннинг 20-дақиқасига келибоқ икки гол ўтказишди, албатта, «Бавария»дан қабул қилиб олинган 2:8 ҳисобидаги мағлубият олдида бу ҳайрон қолгулик воқеа эмас.

Иккинчи бўлим бошида тер Штеген жамоасини Рэмсининг айёрона ва кучли зарбасидан қутқарганида мезбонлар енгил тин олишганди. Аммо вазиятга видеоҳакамлар аралашди - видеотакрордан кейин «Барса» ҳимоячиси Клемент Лангле тўпни қўли билан ўйнагани маълум бўлди, «Камп Ноу»да Роналду иккинчи голини нишонлади. Португалиялик футболчи учун бу клуб миқёсидаги 650-гол бўлди. Бу нафақат кўк-анорранглилар ўз майдонида 3:0 ҳисобида таслим этилиши эди, бу натижа «Юве» гуруҳда биринчи ўринни эгаллашини таъминлади, биринчи даврадаги ўйинда Мессининг пенальтидан урган голи ва голли узатмаси каталонларга сафарда ғалаба тақдим этганди (2:0). Жавоб учрашувида вазиятни ўнглаши учун туринликларга 3:0 ҳисобидаги ғалаба керак эди ва шундай бўлди ҳам. Бу сафар 42 ёшли Буффонга гол уриб бўлмади, ўйиннинг 73-дақиқасида ҳакам унинг дарвозасига пенальти ҳам қўйганди, аммо Лео тўпни тепишга улгурмади, Гризманн де Лигтнинг қўполлигидан олдин офсайдга тушиб қолгани маълум бўлди. Мухлислар жанг кутишганди, майдонда эса «Барселона» иложсиз қолди, бу жамоа шу ўйинга қадар 2013 йилдан буён 38 ўйин давомида ЕЧЛ доирасида уйида ютқазмаганди. Роналду келгунича.

Месси эса ўйин давомида 7 марта дарвоза соҳасига зарба берди - Opta маълумотига кўра, ЕЧЛда 2003/04 йилги мавсумдан буён бунча аниқ зарбадан битта ҳам гол бўлмаган ҳолат кузатилмаганди.

«Динамо» К — «Ференцварош» — 1:0 (Попов, 60).
Венгрлар жамоасини бошқараётган Сергей Ребров ўзи учун жонажон бўлган клубни Европа баҳорисиз қолдира олмади. Мирча Луческу яна бир марта «Динамо»га таклиф этилиши хато бўлмаганини кўрсатди.

Сульшернинг қўрқинчли туши

Н гуруҳи
«Лейпциг» — «Манчестер Юнайтед» — 3:2 (Анхелиньо, 2. Айдара, 13. Клайверт, 69 — Бруну Фернандеш, 80, пенальтидан. Погба, 82).

Парижда ирқчилик можароси билан ўралашиб қолишганида Лейпцигда гуруҳ омадсизи номи аниқ бўлиб улгурди, «ўлим гуруҳи»дан немислар ва французлар омон чиқадиган бўлишди. Бир томонда бу мавсумда ўз майдонида ютқазмаётган немислар, иккинчи томонда сафарда аъло даражада ўйин кўрсатаётган «МЮ». «Қизил иблислар» барча турнирлар доирасида сафардаги сўнгги тўққиз ўйиндан саккизтасида ғалаба қозонишди, фақат ўз аҳмоқликлари туфайли ЕЧЛ доирасида «Истанбул»га сафарда мағлуб бўлишди. Агар бу қоқилиш бўлмаганида, инглизлар сўнгги турни расмиятчилик учун ўтказган бўлишарди. Бунинг ўрнига жамоа ҳал қилувчи ўйинга асосий футболчилари - жароҳатланиб сафдан чиққан Марсиял ва Каванисиз ташриф буюришга мажбур бўлди. Қолаверса, можароли Мино Райола айнан шу ўйин арафасидаги сўзлари билан барчанинг кўнглини хира қилди. Погбанинг агенти яна бир марта ўз мижози келажагини «МЮ»да кўрмаётгани ва яқинда «Ювентус»га қайтиши ҳақида айтиб чиқди.

Француз футболчиси сўнгги вақтларда жуда кам майдонга тушмоқда ва унинг таркибда йўқлиги билинмаяпти. Анхелиньонинг тезкор голи, унинг жарима майдонида бўш қолдирилиши жиддий муаммо. Бу ҳали муаммоларнинг бошланиши эди. Кўп ўтмай ушбу испаниялик Айдарани голли пас билан таъминлади, агар ВАР бўлмаганида 30-дақиқадаёқ ҳисоб йирик кўринишга келган бўларди - Забитцернинг голи билан якунланган ҳужум вақтида Конате зарба бериш вақтида офсайдда қолгани маълум бўлди. Оле Гуннар Сульшер Юлиан Нагельсманнинг уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш схемасини такрорлашга уриниши иш бермади, танаффусда норвегиялик мутахассис Алекс Теллес ўрнига яримҳимоячи ван де Бекни туширди.

Биринчи бўлимда 15 марта тўп йўқотган бразилиялик ҳимоячи алмаштириш учун биринчи рақамли номзод эди. Усиз ҳам «МЮ» ҳужумлар уюштирди, Бруну Фернандешнинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди, голга бир неча сантиметр етмади. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Клюйверт эса де Хеани доғда қолдириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Аммо ўйин натижаси аниқдек кўринган вақтда «қизил иблислар» икки гол уриб, ўйинда интрига ҳосил қилишди. Голлардан бирини Фернандеш пенальтидан урди, иккинчиси ўйинга захирадан қўшилган Погба номига ёзилди, аммо Сульшер футболчилик вақтидаги каби мўъжиза рўй бермади. Париждаги ўйин натижасидан қатъи назар «Манчестер» Европа Лигасига тушиб кетди, ўтган мавсум яримфиналчиси «Лейпциг» эса «ПСЖ» билан бирга гуруҳдан чиқади.

Париждаги «ПСЖ» ва «Истанбул» ўртасидаги ўйин бошида ирқчилик можароси юзага келиб, ўйин 16-дақиқада тўхтатилди. Тўртинчи ҳакам ирқчилик руҳидаги сўз ишлатгач, турклар жамоаси майдонни ташлаб кетди.

Ҳодиса иштирокчилари тўртинчи ҳакам, руминиялик Себастьян Колцеску, истанбулликлар жамоаси ҳужумчиси Демба Ба ва турклар жамоаси мураббийларидан бири Пьер Вебо бўлишди. Версиялардан бирига кўра, Колцеску Вебони «қора» деб атаган, шундан кейин «Истанбул» форварди Демба Ба реферининг олдига чопиб келган ва кескин норозилик билдирган. Бошқа версияга кўра, Колцеску Бани ҳақоратлаган ва уни «қора йигит» деб атаган, Ба ва Вебо унинг бу ҳаракатига норозилик билдиришган. Якунда бош ҳакам Овидиу Хацган мураббийга баҳслашув учун қизил карточка кўрсатган.

«Истанбул» тўлиқ таркибда кийим алмаштириш хонасига йўл олди. Уларнинг ортидан парижликлар клуби ҳам майдонни тарк этишди. Ўйин делегатлари футболчиларни майдонга қайтишга кўндиришга уринишди, аммо музокаралар наф бермади.

«Истанбул» клубининг твиттерида шундай ёзув пайдо бўлди: «Ирқчиликка йўқ деймиз».

Кўп ўтмай интернетда арбитрлар гуруҳининг сўзлашуви расшифровкаси пайдо бўлди. «Қора йигит, ўриндиқдаги. Бориб текшир, ким у. Ўша қора, ўзини бундай тутмаслиги керак», — деган Колцеску бош арбитрга.

Банинг сўзлари ҳам расшифровка қилинган. Қисқача айтганда, у шундай деган: «Ахир сен «бу оқ йигит демайсан», шунчаки «бу йигит дейсан. Нега мени негро деяпсан?!»

Твиттерда «Истанбул»ни Истанбулнинг бошқа жамоалари ҳам қўллаб-қувватлашди — «Бешиктош» ва «Галатасарой».

Истанбулдаги учинчи суперклуб — «Фенербаҳче» — ўз вақтида клубда тўп сурган Вебони қўллаб-қувватлади.

«Ирқчиликка йўқ деймиз. Вебо, биз сен билан», — дея фикр қолдирган парижликлар ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўйиндан кейин.

Ўйин бошланган вақтдан икки соат ўтиб УЕФА матбуот хизмати ҳодиса юзасидан баёнот берди: «УЕФА ЕЧЛ доирасида «ПСЖ» ва «Истанбул» ўртасидаги ўйинда бўлган воқеадан хабардор қилинди. Биз синчковлик билан текширув ўтказамиз. Футболда ирқчилик ва дискриминацияга ўрин йўқ».

Telefoot нашрининг француз журналистлари Колцескунинг ўзидан изоҳ олишган: «Negru» руминчасига «қора» дегани, мен ирқчи эмасман», — деган арбитр.

Ўйин аввалига ярим тунда давом эттирилиши кутилганди, аммо Колцескунинг ўрнига бошқа ҳакам топилганига қарамай ўйин шу куни давом эттирилмади.

Ўйин бугун Тошкент вақти билан соат 22:55да 13-дақиқадан давом эттирилади. Ўйинни Дэнни Маккели бошчилигидаги нидерландиялик ва польшалик ҳакамлар бошқариб боришади.

«Лацио» ҳалокат ёқасида қолди
F гуруҳи
«Лацио» — «Брюгге» — 2:2 (Корреа, 12. Иммобиле, 27, пенальтидан — Формер, 15. Фанакен, 76).
«Зенит» «Боруссия»га ютқазаётган маҳал, римликлар кучли ёмғир остида ўйнаётган ва дуранг ҳисобни сақлаб қолиш ҳақида ўйлашаётганди. «Брюгге» «бургутлар»нинг биринчи голига тезда жавоб қайтаришди, лекин мезбонлар тезда устунликни ўзига қайтарди. Фақат ғалаба қониқтирадиган бельгияликлардан омад юз ўгирди, иккинчи сариқ карточкани олган украиналик ҳимоячи Соболь майдондан четлатилиб, меҳмонлар 10 киши бўлиб қолишди. «Олтин бутса» эгаси Иммобиле пенальтидан унумли фойдаланиб, ЕЧЛда бир мавсумдаги илк тўрт ўйинида қаторасига гол уриш борасида Дель Пьеро ва Филиппо Индзагидан кейинги учинчи италиялик футболчи бўлди.

Бельгияликлар барибир ўз имкониятига эга бўлишди. Симоне Индзаги етакчиларини эҳтиётлаш учун бирданига уч футболчини алмаштиргач, «Брюгге» қанотдан муваффақиятли ҳужум уюштирди ва бу ҳужум Фанакеннинг голи билан якун топди. Охирги дақиқаларда мезбонлар дарвозаси томон белгиланган учинчи бурчак тўпига дарвозабон Миньоле ҳам етиб келди, «Лацио» сўнгги лаҳзаларда плей-оффдан қуруқ қолиши мумкин эди — ўйинга қўшиб берилган иккинчи дақиқада Рейна дарвозасини голдан дарвоза тўсини қутқариб қолди.

А гуруҳи
«Ренн» — «Севилья» — 1:3 (Рюттер, 86, пенальтидан — Кунде, 32. Эн-Несири, 45+2, 81).

«Челси» — «Краснодар» — 1:1 Голлар: Кабелла, 24 (0:1). Жоржинью, 28 — пенальтидан (1:1).

Мавзуга оид