Англия: Артета жиддий муаммолар

«Арсенал» — «Ливерпул» 2:2
Голлар: Сака (9), Мерино (43) — ван Дейк (18), Салоҳ (81).
«Арсенал» – Райя, Тимбер (Люис-Скелли, 76), Габриэл (Кивиор, 54), Уайт, Парти, Мартинелли (Нванери, 85), Мерино, Райс, Сака (Жезус, 85), Ҳавертц, Троссар.
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон (Цимикас, 63), ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Собослаи, 63), Гравенберҳ, Диас (Гакпо, 63), Жонс (Эндо, 90+1), Салоҳ, Нунес.
Огоҳлантиришлар: Мак Аллистер (33), Райя (66), Нунес (90+4).

«Арсенал» марказий ҳимоячилар жуфтлигидаги ўзгариш билан ўйинни бошлади — одатда ўнг қанотда ўйнайдиган Бен Уайт бу сафар мудофаа марказида Габриэл билан дуэт ҳосил қилди. Уилям Салиба ўтган турда «Борнмут»га қарши кечган ўйинда қизил карточка олган ва «Ливерпул» билан муҳим ўйинни ўтказиб юборадиган бўлганди. Ўнг қанотда Уайтнинг ўрнини таянч яримҳимоячиси Томас Парти эгаллади.

Аммо Уайт янги позицияда ҳам ўзини яхши тутди. 9-дақиқада у майдоннинг иккинчи қисмидан туриб Букайо Сакани тўп билан таъминлади, у эса тўпни қабул қилиб олгач, бир ҳаракат билан Эндрю Робертсонни йўлидан олди ва тўпни куч билан яқин «тўққизлик»ка аниқ йўллади. 

Ўтказиб юборилган голдан кейин «Ливерпул» жонланди, «канонирлар» эса қарши ҳужум учун имконият қидира бошлади. Мерсисайдликлар Луис Диас фаол ҳаракатланган чап қанотдан босим уюштиришди ва унинг ҳужумларидан бири бурчак тўпи билан якунланди. Трентнинг яқин устун олдига узатмасидан кейин Диас Ҳаверц билан тўп учун курашда устун келди ва уни марказроққа узатди, у ерда Виржийл ван Дейк бош билан дарвозани ишғол этди.

Ҳисоб тенглашиши мезбонларнинг ўйинига таъсир кўрсатмади. Улар тўпга кўпроқ вақт давомида эгалик қилишди ва дарвоза томон кўпроқ зарбалар йўллашди. Натижада «Арсенал» яна ҳисобда олдинга чиқиб олди: Райс жарима зарбасидан тўп узатди, Мерино бош билан аниқ зарба йўллаб, жамоа сафидаги илк голини урди. VAR узоқ вақт давомида офсайд бор-йўқлигини аниқлаш учун мазкур эпизодни текширди, якунда гол инобатга олинди.

Иккинчи бўлим эса мезбонлар учун нохушлик билан бошланди. Нунес билан тўқнашувда «Арсенал» марказий ҳимоячиси Габриэл жароҳат олди. Бразилиялик газонга қулади ва тиббиёт ходимлари ёрдамидан кейин ўйинни давом эттирди. Аммо бир неча дақиқа ўтиб яна газонга ўтириб олди ва алмаштирилди. Натижада «Арсенал» ҳимояси марказида одатдаги Габриэл – Салиба жуфтлиги ўрнига Уайт ва Кивёр ўйнайдиган бўлди.