Иқтисодиёт | 15:28 / 11.12.2020
2595
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги: жами давлат ташқи қарзининг 14,7 фоизи энергетика соҳасига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади

Давлат ташқи қарзи, асосан инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Молия вазирлиги 2020 йилнинг III чорагида Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди.

Унда маълум қилинишича, ички имкониятлар чекланган ҳолатда, давлат ташқи қарзи, асосан инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг учинчи чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 14,7 фоизи ёки 2,7 млрд. доллари энергетика соҳасига, 13,8 фоизи ёки 2,6 млрд. доллари электроэнергетика соҳасига, 12,6 фоизи ёки 2,3 млрд. доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,5 фоизи ёки 2,0 млрд. доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Давлат ташқи қарзининг салмоқли қисми инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилинган бўлиб, ушбу қарздорликка хизмат кўрсатиш лойиҳаларни амалга оширишдан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур кредитларнинг катта қисми узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга ва хатарларни бошқариш тамойилларига амал қилади.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид