Ўзбекистон | 23:38 / 19.12.2020
31071
2 дақиқада ўқилади

200 доллардан кам пул юбораётган меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтариш топшириғи берилгани ҳақидаги хабар юзасидан изоҳ берилди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Уйчи тумани ҳокими ойига 200 доллардан кам пул юбораётган меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга қайтариш топшириғи берилгани ҳақида гапиргани маълум қилинган хабар юзасидан муносабат билдирди.

«Бу хабар бўйича мурожаатларни қайта-қайта кўрдим. Буни ҳоким (Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов) эмас, учинчи сектор раҳбари, ички ишлар бўлими бошлиғи айтган. 

Лекин бу борада ҳеч қанақа топшириқ йўқ. Бу нисбий нарса. Бир оилага бир ойга қанчадир сумма етиши мумкин. Бошқасига ўн баравар кўп кетар. Талаб дегани чек-чегарасиз нарса. Кимдир уйга пул ишлаш учун кетгандир. Бизда кўпчилик ёки уй қилиш учун ё тўй қилиш учун кетади. Шу сабабдан бунинг чегараси йўқ, бундай топшириқ ҳам йўқ.

У ҳаяжонланиб шундай гапирган бўлиши мумкин. Бундай ишга йўл қўймаймиз. Позициямиз шундайки, унга аввал иш ўрни яратиб, уларга эълон қилиш, уни қониқтирса, ўзи келсин.

Албатта агар муносиб иш жойи бўлса, оила даврасидан узоқда, совуқда қийналиб юргандан кўра, ўзининг ватанида, оиласида, маҳалласида ишлагани маъқул. Агар бирор муаммоси бўлмаса. 

Шу нуқтайи назардан бундай топшириқ бўлмаган дейишим мумкин», деган вилоят ҳокими.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов 

Аввалроқ ОАВда Наманган вилояти Халқ депутатлари кенгашида Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовнинг 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар ва 2021 йил режаси ҳақида ҳисоботи давомида ИИБга уйига 200 доллардан кам маблағ юбораётган уйчилик меҳнат муҳожирларини хориждан қайтариш топшириғи берилгани, бу ташаббус доирасида бундай фуқароларни шу ерда иш билан таъминлаш йўлга қўйилиши айтилгани ҳақида хабар тарқалганди.

Мавзуга оид