Ўзбекистон | 20:25 / 21.12.2020
2839
2 дақиқада ўқилади

ССВ: 2020 йилнинг 11 ойи давомида «тез ёрдам» хизматига 10 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Ўзбекистонда жорий йилнинг 11 ойида тез тиббий ёрдамга бўлган мурожаатлар сони 2019 йилнинг 12 ойидагидан кўпроқ бўлганини маълум қилди.

«Мамлакатимизда шаклланган шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматининг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдаги ўрни ниҳоятда муҳим. 2019 йилда йил давомида «103» хизмати 10 миллионга яқин чақириқни қабул қилган бўлса, бу йилнинг 11 ойи давомида бу кўрсаткич 10 миллиондан ошди.

Шундан ушбу йилда энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда (1 миллиондан ортиқ) келиб тушган бўлиб, энг кам мурожаат Навоий вилоятида (297 мингдан ортиқ) кузатилган.

Бу йилги мурожаатлар сони сезиларли ошганлигини пандемия шароити билан боғлаш мумкин. Чунки карантин даврида Covid-19’ни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти «тез ёрдам»га қўнғироқ қилишди.

Қолаверса, шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматлари тизимида сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар ҳам фаолият юритиши ва лозим бўлганида беморларга «тез ёрдам» машинаси етиб келгунича телефон орқали консультация қилиб, унинг ёнидаги инсонга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатмалар бериб, беморнинг ҳаётини қутқариб қолишга кўмаклашиши аҳоли саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид