22:37 / 21.12.2020
9886

Таржимон Амир Файзулла вафот этди

Ҳинд фильмлари таржимони сифатида танилган ёзувчи Амир Файзуллa 76 ёшида вафот этди.

Амир Файзулла 1945 йил 15 январда Ғаллаорол туманида туғилган. 1968 йили Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича ҳиндшунос. Амир Файзулла 1967-1971 йилларда Ғаллаорол туманидаги мактабларда ўқитувчи, 1971-1975 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, 1975-1990 йилларда «Прогресс» нашриётида бўлим мудири, 1990-1994 йилларда «Халқ мероси» нашриётида муҳаррир, 1994–1997 йилларда «Ўзбекистон» радиосида таржимон, 1997–2020 йилларда «Жаҳон адабиёти» журналида етакчи муҳаррир вазифаларида ишлаган.

Ёзувчи ҳинд, урду ва рус тилларидан ўзбек тилига 30 дан ортиқ роман ва қисса, 400 сериядан ортиқ ҳинд фильмларини таржима қилган. Амир Файзулла «Маҳобҳорат» ва «Рамаяна» каби машҳур ҳинд сериаллари таржимони сифатида танилган. Шунингдек, «Сангам», «Муқаддас қасам», «Мискинлар ҳомийси», «Гул ва олов», фильмларини ўзбек тилига ўгирган.

Амир Файзулла ўзбек тилидан ҳиндий ва урду тилларига ҳам ўзбек адибларининг бир қанча асарини таржима қилган. Унинг урду тилида «Ўзбекистон шоирлари» (1972), ҳинд тилида эса «Ўзбек адабиёти намуналари ҳинд тилида» (2014) тўпламлари чоп этилган. Таржимон Увайсий ва Нодира шеърларини ҳам ҳиндчага ўгирган. Охирги йилларда Теодор Драйзернинг «Сармоядор» асарини ўзбекчага таржима қилган.

Амир Файзуллага 2000 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилган. 2020 йил Ҳиндистон давлати томонидан доктор Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот билан тақдирланган.

Top