Ўзбекистон | 16:40 / 22.12.2020
4234
3 дақиқада ўқилади

Давлат субсидияни нега айнан туризм соҳасига ажратмоқда? Бош вазир ўринбосари изоҳ берди

2020 йил давомида меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорларга давлат бюджетидан 200 млрд сўмга яқин молиявий кўмак берилган. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари - Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов маълумот берди.

Фото: Kun.uz

«Меҳмонхона соҳасини қўллаб-қувватлаш тадбирларига бу йил жами 200 млрд сўмга яқин маблағ кўзда тутилган. Кейинги йилда ҳам уларга шунча миқдорда молиявий кўмак бериш режалаштирилган.

Кимдир ҳайрон бўлиши мумкин, давлат нега субсидияни айнан туризм соҳасига ажратмоқда деб. Бу саволнинг жавоби жуда ҳам осон.

Биз меҳмонхоналар қурилишига ўртача ҳисобда 20-23 фоиз бўлган қийматни қоплаб берамиз. Чунки бунинг умумий эффекти бор. Яъни бу қурилиш, текстил соҳалари, кимёвий маҳсулотлар, озиқ-овқат борасида ҳам қўшимча буюртмалар кўпайишига хизмат қилади. Энг асосийси, меҳмонхоналарда яхши ойлик берадиган янги иш ўринлари яратилмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош вазир ўринбосари тадбиркорларга ажратиладиган субсидиялар ҳақида ҳам маълумот берган.

«Биз субсидиялар тизимини ҳам тўлиқ ишлаб чиқдик. Бунда нафақат меҳмонхоналарга ёки авиакомпанияларга, балки бошқа инфраструктура йўналишларидаги тадбиркорлар ҳамда тур компанияларига ҳам тегишли субсидиялар тизими жорий этилди.

Аввало, тур компанияларга келадиган бўлсак, улар пандемия даврида мижозсиз қолган вақтда мазкур компаниялар йўқолиб кетмаслиги учун уларнинг бир неча ойлик харажатларини субсидия қилиб бердик.

10 миллиондан 100 млн сўмгача бўлган субсидия ажратишни йўлга қўйган эдик. Пандемия даврида меҳмонхоналарнинг ҳам 3 ойлик фоиз харажатларини бюджетдан қоплаб бердик.

Кейинчалик улар ўзининг фаолиятини тиклаши учун зарур бўлган молиявий кредитларнинг 10 фоизгача бўлган қисмини тўғридан тўғри тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фондидан ажратиб бердик.

Тадбиркорларимиз ҳар куни кўмак ва субсидиялар учун мурожаат қилишмоқда.

2016 йилда Ўзбекистонда бор-йўғи 30 минг атрофидаги меҳмонхона ўринлари мавжуд эди. Ҳозирги кунда бу рақам деярли 2 ярим баравар кўпайди. Яъни ҳозирда 85 мингдан ортиқроқ меҳмонхона ўринлари бор.

Бу ҳам ҳали етарли эмас. Йилига 10 млн мижозни қабул қилишимиз учун албатта меҳмонхоналарда жойлар бўлиши керак.

Айни пайтда Ўзбекистонда инвестицион лойиҳалар доирасида 180дан ошиқ ўрта ва йирик меҳмонхоналар қурилмоқда», деди бош вазир ўринбосари 22 декабр куни «Courtyard by Marriott Tashkent» меҳмонхонаси очилиш тадбиридан сўнг журналистлар билан суҳбатда.

Мавзуга оид