Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилояти Муборак тумани Қарлиқ қишлоғи «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинидан йўлланди. Унда ёзилишича, нафақат мазкур маҳалла, балки қишлоқдаги бошқа маҳаллалар аҳли бугун шундоққина Муборак газни қайта ишлаш заводи ёнида табиий газдан мосуво ҳолда яшамоқда.

«Янгиобод» МФЙ раиси Рустам Баратовнинг маълум қилишича, Қарлиқ қишлоғида жами 26 мингдан ошиқроқ аҳоли яшайди. Қишлоқда жами бешта МФЙ бор. «Янгиобод» МФЙ ана шу маҳаллалардан бири.

«Қишлоғимиз Қашқадарёдаги энг йирик қишлоқлардан бири ҳисобланади. Бу ерда 26 мингдан ошиқ аҳоли яшайди. Қишлоқ бешта «Янгиобод», «Бўстон», «Қарлиқ», «Пахтакор», «Баркамол авлод» МФЙдан иборат.

Бизга 2013-2015 йилларгача табиий газ берилган. Ўша йилларда газ таъминоти тўхтатилган. Шундан бери қишлоғимизга табиий газ таъминоти қайта тикланиши учун ҳаракат қиламиз, аммо ҳозирча саъй-ҳаракатларимизнинг нафи бўлмаяпти. Одамлар табиий газ узилгандан кейин куз-қиш мавсумида нима топса ўшани ёқиб уй иситиб келмоқда.

Қишлоқ аҳлининг аксарияти Муборак газни қайта ишлаш заводи ва газ қазиб олиш соҳасида ишлайди. Заводнинг ўзи ҳам бизга яқин жойда жойлашган. Газни қайта ишлайдиган шундоқ катта заводни ёнида яшаб газнинг ўзини кўрмаймиз, олти-етти йилдан бери фақат унинг ҳидини ҳидлаймиз», дейди Рустам Баратов.

Маҳалла раиси қишлоққа табиий газ таъминоти қайта тиклаб берилишини сўраб мурожаат қилмаган жойи қолмаганини маълум қилди. Вилоят ва туман ҳокимлиги, газ бошқармаси ҳамда бўлимига мурожаат қилишган. Аммо ҳозиргача ҳеч бир натижа бўлмаган. Унинг айтишича, Қарлиқда хонадонларга тортилган газ қувурлари ва газ тақсимлаш ускуналари (ГРП-газорегуляторный пункт) яроқли ҳолда турибди. Фақат 3 километр узоқликда жойлашган газ тақсимлаш станциясидан қишлоққача қувур тортиб берилса бўлди, қишлоқ яна табиий газга уланади.