«Инсоният нақадар заифлигининг исботини кўрдик»
Содиқ Сафоевга кўра, пандемия бир аср давомида инсоният кўрмаган ноҳарбий фалокат бўлди.
«Аввал ҳеч қачон миллиардлаб одамлар уйларида бекилган, чегаралар ёпилган ва иқтисодиёт қотиб қолган ҳолатни тарих қайд этмаган. Биз яна бир бор инсоният нақадар заифлигининг исботини кўрдик», – дея сўз бошлаган у.
Сафоевнинг айтишича, парламент ана шундай оғир шароитга қарамай, «ўз йўлида давом этиш» позициясидан борган.
Якунланаётган йилда халқаро парламентлараро фаолиятни ривожлантириш соҳасида Сенатда хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалар ва бизнес вакиллари билан 80га яқин учрашув ўтказилган. Шунингдек, Ўзбекистон парламенти ва хорижий давлат парламентлари ўртасида 43та парламентлараро гуруҳ тузилган.
«Бизга иқтисодий интеграция керак»
Сенат раисининг биринчи ўринбосари ҳисоботида Ўзбекистоннинг ЕОИИга интеграцияси масаласига ҳам тўхталган.
«Ўзбекистон учун интеграцион жараёнларда фаол иштирок этиш жуда муҳим. Чунки Ўзбекистон ўзининг жуғрофий жойлашуви нуқтайи назаридан ҳам муайян имтиёз ва муаммоларга эга. Шунинг учун савдо алоқаларини ривожлантириш, транспорт йўлакларини барпо этиш биз учун ривожланишнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Президент ўз мурожаатномасида парламентнинг иккала палатасига ҳам ЕОИИ билан ҳамкорлик натижаларини чуқур ўрганиш ва хулосага келиш бўйича топшириқ берган эди. Бизда бу масалада экспертлар томонидан чуқур ўрганишлар ўтказилди ва «кузатувчи давлат» мақоми маъқул кўрилди. Ўйлашимча, бу парламентнинг тугаётган йилдаги энг муҳим ишларидан бири», – деган у.
БМТ мажбуриятларини бажариш йўлида
Сафоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари ҳақида гапирилганда БМТнинг махсус дастурлари, масалан, Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришдаги фаолият жуда муҳим аҳамиятга эга.
«Бир неча йил аввал қабул қилинган бу дастур ўзининг аъзоларидан 2030 йилга қадар муайян кўрсаткичларга эришишни талаб қилади.
Бунда биринчи мақсад – инсоннинг ривожланиши. Ундан, шунингдек, фуқароларнинг моддий, маънавий эҳтиёжларини, хавфсизликни таъминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш, гендер тенглиги ва бошқа масалалар ўрин олган», – дея таъкидлаган у.















