Kun.uz мухбири 9 та асосий йўналишда тайёрланган ушбу ҳисоботдаги асосий тезисларни тўплади.
Ялпи мажлислар бўйича рекорд йили
Норбоевага кўра, тугаётган йилда Сенат фаолиятида кузатилмаган ҳолат – йил бошидан бери 10 та ялпи мажлис ўтказилган. Бу мажлисларда эса 60 га яқин қонун кўриб чиқилган.
«Қонунларнинг ҳудудлар манфаатларига мослиги даражаси танқидий-таҳлилий кўрила бошланди. Бунинг учун маҳаллий кенгашлар, экспертлар, амалиётчи ва жамоатчилик фикрини ўрганишга эътибор қаратдик. Шундай ёндашув асосида шу йилнинг ўзида 6 та қонун рад этилди», – деган у.
Сенатга ҳисобот бера бошлаган элчилар ва кўпайган парламент сўровлари
Сенат раиси ҳисоботининг иккинчи қисмида вазирлик, ташкилот раҳбарлари, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарларидан ҳисобот олиш амалиётига ўтилгани мисоллар билан келтирилган.
«Шу йилдан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Масалан, ҳозиргача 10 та мамлакатдаги элчилар ҳисоботи эшитилди. Биз шунингдек, ҳар чоракда давлат дастури бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитяпмиз», – деди Танзила Норбоева.
Сенат раиси келтирган рақамларга кўра, ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга йил давомида 13 та парламент сўрови жўнатилган.
«Бундан ташқари, сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб масалалар, муаммолар юзасидан вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларига 400га яқин сўров юборилди», – таъкидлаган у.
13,5 минг мурожаат ҳамда эътироф этилган журналист ва блогерлар
Норбоева бу сафарги чиқишида ҳам кўтараётган долзарб масалалари учун журналист ва блогерларни эътироф этди.
«Парламент назорати тадбирларига қайси масалалар асос бўлмоқда, деб сўралса, албатта ОАВда, шу жумладан ижтимоий тармоқларда, журналистлар, блогерлар, фуқаролар кўтараётган долзарб масалалар деб айтишимиз мумкин», – деди у.
Сенат раиси бу борада Сардобадаги фалокат оқибатларини бартараф этиш ишлари айнан фуқаролар мурожаатидан кейин жойига чиқиб ўрганилганини ҳам эслади.
Йиллик ҳисоботда айтилишича, 2020 йил давомида Сенатга 13,5 мингга яқин, шундан ижтимоий тармоқлар орқали мингдан зиёд мурожаат келган.















