Ўзбекистон | 19:30 / 25.12.2020
25828
2 дақиқада ўқилади

«Нарх ва етказиб беришга таъсири йўқ». UzAuto Motors Асака заводининг вақтинча тўхташи ҳақида тушунтириш берди

UzAuto 2021 йил январ ойида Асака заводи фаолияти вақтинча тўхтатилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Компаниянинг билдиришича, бу янги сифат стандартларини жорий қилиш билан боғланган.

Фото: UzAuto Motors

UzAuto заводида ишлаб чиқаришни вақтинчалик тўхтатиш бўйича жамоатчилик орасида хавотир ортиб бораётганлиги сабабли, тўхтатиб туриш ишлаб чиқариш линияларида йиллик режалаштирилган профилактика ишларини амалга ошириш билан боғлиқлиги маълум қилинди. Бу ҳақда компания расмий хабар тарқатди. 

«Шунингдек, тайёр маҳсулотни етказиб бериш бўйича расмийлаштирилган шартномалардаги барча мажбуриятлар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини маълум қиламиз. Режалаштирилган профилактика ишларини амалга ошириш, илгари шартнома қилинган автомобилларнинг нархи ва етказиб бериш жадвалига таъсир қилмайди», — дейилади компания хабарида.

Таъкидланишича, ушбу тадбир доирасида асосий ва ёрдамчи технологик ускуналар ва жиҳозларни, коммунал хўжаликларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини профилактик текшириш, модернизация ва техник хизмат кўрсатиш ишларини олиб бориш, шунингдек, ишлаб чиқариш линиясини модернизация қилиш доирасида режалаштирилган таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Компания  расмий вакилининг Kun.uz’га маълум қилишича, завод фаолиятида вақтинча тўхталиш бўлишига қарамай, жойларда дилерлар томонидан мижозлар билан автомобил хариди бўйича шартномалар тузилиши давом этади.

Аввалроқ,  республиканинг барча ҳудудларидаги Chevrolet дилерлик тармоғи янги стандартларга ўтказилиши маълум қилинганди. Бундан аввал дилерлик тармоғини Chevrolet брендига ўтказиш ишлари экспорт бозорларида бошланган эди

Мавзуга оид