Ўзбекистон | 14:15 / 26.12.2020
13568
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус пандемиясига қарши курашда фидойилик кўрсатган 357 нафар киши давлат мукофотлари билан тақдирланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2020 йил давомида тиббиёт ходимларига президентнинг тегишли фармонлари билан берилган давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилмоқда.

Маросимда таъкидланганидек, якунланаётган 2020 йил коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия шароити туфайли бутун инсоният, хусусан, халқимиз учун оғир, синовли йил бўлди. 

“Айниқса, аҳоли саломатлигини таъминлашга масъул бўлган соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, шифокор ва ҳамшираларимиз, санитария вакилларидан фидойилик, касби ва қасамёдига садоқат кўрсатиши, машаққатли меҳнат қилиши талаб қилинди. Юртимиздаги барча тиббиёт ходимлари ушбу чорловга лаббай деб жавоб бериб, ҳеч иккиланмасдан ўз ҳаёти, жонидан кечиб, яқинлари, оила-аъзолари ҳаётини таҳликага қўйиб вирусга қарши мардонавор курашга, халқ дардига малҳам бўлишга чоғланди.

Ушбу оғир даврларда ўз фидойилиги, машаққатли меҳнати билан намуна кўрсатган турли соҳа ходимлари муносиб рағбатлантирилди. Улар орасида тиббиёт ходимлар энг салмоқли ўрин эгаллагани қайд этилди”, — дейилади хабарда.

Жорий йил Ўзбекистон президентининг 23 июлдаги “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2020 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган тиббиёт соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан 357 нафар фидойи фуқаролар тақдирланди. 

Улар орасида 269 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритаётган тиббиёт соҳаси мутахассисларидир. Мукофотланганлар орасида 200 нафари шифокор, 69 нафари эса ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, тадбирда ўтиб бораётган йил нафақат тиббиёт ходимлари учун оғир кечгани, шу билан бирга, ривожланиш, ислоҳот ва ўзгаришлар йили бўлгани ҳақида сўз борди. Ушбу даврда параллел равишда тиббиёт соҳаси ислоҳотлари, замонавий тиббий иншоотларни бунёд этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Жумладан, шу йилнинг ўзида 200га яқин тиббиёт муассасаси бунёд этилди.

Улар орасида пойтахтда қад ростлаган қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Чилонзор туманида қурилган Иккинчи перинатал маркази каби замонавий тиббиёт муассасаларига алоҳида урғу берилди. 

Тадбир сўнгида президент фармонига кўра берилган давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди. 

Мавзуга оид