20:13 / 26.12.2020
6966

НамДУ ректори йил якуни бўйича ҳисобот берди. Университетда тиббиёт йўналиши ҳам очилиши мумкин

Фото: НамДУ

Наманган давлат университетида «Таълим тизимидаги ислоҳотлар: Фармон ва қарорлар ижроси»мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов 2020 йилда университетда амалга оширилган ишлар ва янги режалар юзасидан ҳисобот бериб, журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Маълумот учун, Наманган давлат университети республикадаги нуфузли университетлардан бири. Ҳозир университетда 18 та факультет, 40 та кафедра, 1 та бошқарма, 3 та марказ фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда 18минг 786 нафар талаба 52 та таълим йўналиши ва 25 та магистратура мутахассисликлари мавжуд.  

Собитхон Турғуновнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, 2020-2021 ўқув йилида кундузги таълимда янги юриспруденция, биотехнология, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик ҳамда иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш номли янги йўналишлар очилган.

«Очилган янги йўналишлар эса сиртқи таълимда қуйидагилар: филология ва тилларни ўқитиш: (рус тили), математика ва география каби янги йўналишлар очилди», – деди у.

Ректорга кўра, жорий ўқув йилида илк бор математика, физика, мутахассисликлари бўйича 30 нафар, амалий математика, биология, кимё, география мутахассисликлари бўйича 10 нафар иқтидорли ёшлар тўлиқ давлат гранти асосида магистратурага қабул қилинган.

«Университет ўқитувчилари халқаро илмий конференцияларда фаол қатнашмоқда. Турли халқаро лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам қувонарли.

Жумладан, университетда «Медиа марказ ташкил этиш» бўйича лойиҳа қиймати 28000 АҚШ доллари деб белгиланган.  

«Аквакультура бўйича ўқув-амалий тренажёр ташкил этиш»нинг лойиҳа қиймати эса 200.000 АҚШ доллар. 

«Маҳаллий доривор ўсимликлар асосида қон босими ва қандли диабет профилактикаси учун шифобахш ичимликлар технологиясини ишлаб чиқиш»нинг лойиҳа қиймати 2 миллиард 400 миллион сўм деб белгиланди. «Доривор ўсимликлар плантациясини яратиш» нинг лойиҳа қиймати 800 миллион бўлса, «Ноанъанавий хомашёлардан цукатлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш лойиҳаси» 800 миллион сўмни ташкил этмоқда», – деди Турғунов. 

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан ректорга мурожаат қилиб, жавоб олди.

Ректорнинг матбуот анжумани давомида қўшимча қилишича, яқин келажакда Андижон давлат тиббиёт университети билан қилинаётган ҳамкорлик доирасида НамДУда ҳам тиббиёт йўналиши очилиши мумкин.

 «Ҳозир бу жараёнлар ижобий ҳал бўлиш арафасида» деди у.

Top