Юриспруденция факультетига 50 та қабул қилиш квоталари мавжуд. Бу йўналишга ўқиш истагини билдирган 4429 нафар талаба онлайн тартибда ўз ҳужжатларини топширган. Бу албатта соғлом рақобат муҳитини яратиши шубҳасиз.

Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг В.И. Романовский номидаги математика  институти  Наманган давлат университетида ўз ҳудудий бўлинмасини ташкил этди. Бу водий вилоятларидаги 13 та Олий ўқув юртлари ва филиаллар математика кафедраларининг 220 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчиларни қамраб олди.  

Математика йўналишида магистратурага 30 нафар бакалавр йўналишини тамомлаган иқтидорли ёшлар тўлиқ давлат гранти асосида қабул қилиниши белгиланган. Аввалги йилдаги қабулларда бундай имконият мавжуд бўлмаган. Давлат гранти квоталари оз миқдорни ташкил этган. Бунда, албатта, ҳукумат томонидан истеъдодли ёшларга чуқур билим бериш, математика фанини ривожлантириш, университет обрў ва нуфузини янада ошириш каби мақсадлар мужассам.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, университет хорижий давлатларнинг  нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастури асосида очилган факультетларига эга. А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Урал давлат тиббиёт университети, Қозон давлат университети ҳамда Москва давлат озиқ-овқат технологиялари университети шулар жумласидан. Бу таълимдаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бир қаторда ёшларни олий таълимга кенг қамраб олиш имкониятини яратади. 2019-2020 ўқув йилида А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан қўшма таълим дастури бўйича психология, дефектология, информатика ва информацион технология факультетлари фаолият бошлади.

Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастури асосида очилган факультетда эса даволаш, педиатрия, стамотология, фармацевтика йўналишлари ташкил этилиб, 104 талабалар таҳсил олиб келмоқдалар. 2020-2021 ўқув йилида ҳам ушбу факультетларга абитуриентлар онлайн тартибда ўз ҳужжатларини топширдилар.