Жамият | 16:18 / 27.12.2020
3211
4 дақиқада ўқилади

ССВ: Битта асоссиз чақириқ ҳам бошқа беморнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин

Ўзбекистонда 2020 йилда тез ёрдамга чақириқларнинг 133 мингга яқини натижасиз чақириқлар, деб баҳоланган. ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, йиллик чақириқларнинг ўртача 15 фоизи бемор шифохонага олиб борилиши билан якунланади, 85 фоиз ҳолатда беморнинг ҳолати яхшилиги учун унга жойида хизмат кўрсатилиши кифоя бўлади.

«Кундалик ҳаётимизда у ёки бу сурункали касаллиги бор беморлар гоҳ қон босимини ўлчатиш, гоҳида эса қайсидир уколни қилдириш учун ҳам «тез ёрдам»ни чақириш ҳолатларини кўп учратамиз.

Маълумотларга қараганда, кунига икки мартадан кўп мурожаат қилган ана шундай беморлар ҳам бор. Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган йили «103» хизматига сурункали касалликлари бўлган беморлардан 573 мингдан ортиқ мурожаатлар тушган бўлса, бу йилнинг 11 ойи давомида 832 минг нафарга яқин шу тоифадаги чақириқларга хизмат кўрсатилган.

Аслида, сурункали касалликлари бўлган беморлар ўзлари яшаб турган ҳудудларидаги оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига мурожаат этиб, шифокор тавсияси асосида муолажаларни узлуксиз тарзда тўғри олиб борса, аввало, ўз соғлиғи учун фойдали бўлади. 

Чунки тез тиббий ёрдам ходимларининг қўлида поликлиникада бор бўлган лаборатор таҳлиллар ва инструментал жиҳозлар мавжуд бўлмагани учун улар чақириқ давомида чуқур таҳлил ўтказиши ва даволаши имконсиз. 

Шу сабабли улар беморни даволамайди, балки юзага келган ҳолат бўйича шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатади, яъни фақат симптоматик даво чораларини кўради. 

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йилда «103» хизматига тушган мурожаатларнинг 95 мингдан зиёди, 2020 йилда 133 мингга яқини тез ёрдам ходимлари томонидан натижасиз чақириқлар, деб баҳоланган. 

Бу «103» хизмати ходимлари  келгунига қадар ўлим ҳолати содир бўлгани ёки бемор «тез ёрдам» келишини кутмай йўловчи транспортда олиб кетилгани, ёлғон чақириқ, манзил топилмагани, тез тиббий ёрдам рад этилган каби қатор вазиятлар билан боғлиқдир. 

Яна бир ҳолат. Юртимиз бўйича йилига чақириқларнинг ўртача 15 фоизи госпитализация, яъни бемор шифохонага олиб борилиши, 85 фоиз ҳолатда эса жойида хизмат кўрсатилиши ҳам «тез ёрдам» чақирадиганларнинг аксарияти аслида «103» ёрдамига муҳтож эмаслигини англатади. Агар халқаро тажрибага назар солсак, масалан, Европа мамлакатларидаги чақириқларнинг аксарият қисмида бемор госпитализация қилинади.

Афсуски, «103» хизматига ёлғон қўнғироқлар келиши ҳамон давом этмоқда. Энг ачинарлиси, бундай вазият оддий чақириқдан кўра кўпроқ вақт ва меҳнат талаб қилади. Устига устак, шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам узоқ вақт банд бўлиб қолади. 

Чунки тез тиббий ёрдам ходимлари қилинган мурожаат ҳақиқатан ҳам ёлғон эканлигини исботлаш мақсадида чақириқда кўрсатилган манзилни аниқлаши, бу учун эса куннинг қайси вақти бўлишидан қатъи назар сўраб-суриштириши, ўрганиши ва шундан сўнггина уни ҳужжатлаштириши керак бўлади.

Бу эса нафақат «тез ёрдам» ходимларининг вақтини олади, балки «103» кўмагига муҳтож бўлган бошқа беморларнинг кутиб қолишига, ҳатто уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни қийинлаштиришга ҳам сабаб бўлиши мумкин», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид