07:44 / 27.12.2020
10172

«Тараққиёт Хитойда камбағалликни енгиш калити бўлди». Элчи камбағалликка қарши кураш стратегияси ҳақида гапирди

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, одамлар бандлигини таъминлаш, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида Хитой тажрибаси ҳақида гапирди.

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним расмий Пекин давлат бюджетидан камбағалликка қарши курашиш учун йилига 45 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилишини маълум қилди. Унинг айтишича, чекка қишлоқларни ички ва халқаро бозорлар билан боғлаш, транспорт, энергетика, телекоммуникация инфратузилмасини яратиш тизимли давом эттирилади.

«Ноябрь ойида Хитойнинг Гуйчжоу вилоятидаги сўнгги тўққизта уезд камбағалликдан халос бўлди. Бу коронавирус пандемиясининг салбий таъсирига қарамасдан, 832та уезд «қашшоқ уезд» ёрлиғидан қутулганини англатади. Натижада мамлакат олдида 2020 йил охиригача қашшоқликни бартараф этиш бўйича турган миллий вазифа тўла бажарилди.

Тараққиёт Хитойда камбағалликка барҳам беришнинг калити бўлди. Хитой ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати бошланганидан буён жадал иқтисодий ривожланиш суръатларини намойиш этди. Бу ўта камбағалликни йўқ қилиш бўйича кенг кўламли дастурни бажариш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратди.

Хитойда 2012 йилдан бери ҳар йили давлат бюджетидан камбағалликка қарши курашиш учун 45 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилмоқда.

3 миллионга яқин махсус тайёргарлик кўрган мутахассислар камбағал қишлоқ туманларига жўнатилди. Чекка қишлоқларни улкан ички ва халқаро бозорлар билан боғлаган янги транспорт, энергетика ва телекоммуникация инфратузилмаси яратилгани қашшоқликни бартараф этишга ёрдам берди.

100 мингдан зиёд қишлоқ мактаби капитал таъмирланди, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича ишлар амалга оширилди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 2013 йилда биринчи марта қишлоқ аҳолисига манзилли ёрдам кўрсатиш ғоясини илгари сурган эди. У камбағалликка қарши курашда мақсадли чоралар кўриш ва уларни маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Ушбу тамойилдан келиб чиқиб, Хитой камбағалликни камайтиришга қаратилган турли хил ёндашувларни қабул қилди. Молиявий воситалардан фойдаланиш, туризмни ривожлантириш ва камбағал минтақаларда ишлаб чиқарилган товарлардан кўпроқ фойдаланишни рағбатлантириш шулар жумласидандир.

ХХР ташқи ишлар вазири Ван И таъкидлаганидек, Хитой амалиёти қашшоқлик миллий хусусият эмаслиги ва бўла ҳам олмаслигини исботламоқда. Бу мамлакатимиз амалиётида муваффақиятли намойиш этилди. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг камбағалликни қисқартиришга қаратилган катта эътиборини юксак қадрлаймиз. Бу унинг халқ манфаатларига хизмат қилиш ғоясининг ёрқин ифодасидир. Биз ўз тажрибамизни ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз», деди Хитой элчиси.

Маълум қилинишича, жорий йил учинчи чорак якунлари бўйича Хитой-Ўзбекистон савдо айланмасида Хитойнинг етакчи мавқеи сақланиб қолганига қарамасдан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўзаро савдо ҳажми 17 фоизга камайган.

Top