19:08 / 28.12.2020
4435

«Янги йилга спорт билан!» фестивали старт олди, дастлабки кунда 3000га яқин иштирокчи қамраб олинди – Спорт вазирлиги

Бугун пойтахтимиздаги «Миллий» стадионда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Esports Uzbekistan, Full Level Esports ҳамда UZREPORT ва FUTBOL TV телеканаллари билан ҳамкорликда ташкил этилган «Янги йилга спорт билан!» шиори остидаги оммавий спорт фестивали бошланди.

Фестивалда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган юртдошларимиз спортнинг мини-футбол, стритбол, баскетбол, велоспорт, югуриш, дартс, арқон тортиш, бадминтон, армрестлинг, тош кўтариш, стол тенниси ҳамда «Workout» (кўча фитнеси) йўналишлари, шунингдек, йилнинг энг йирик турнирлари – шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионати ҳамда Киберспорт бўйича Гранд финал мусобақаларида ўз имкониятларини синаб кўришмоқда.

Фестивалнинг очилиш маросими ўзига хос шоу тарзида ташкил этилди. Санъат ва спорт юлдузлари эса ўз чиқишлари билан йиғилганларни хушнуд этди.

Дарвоқе, «Янги йилга спорт билан!» шиори остидаги оммавий спорт фестивалининг илк кунида иштирок этолмаган пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари 29 ва 30 декабрь кунлари келиб, бемалол фестивалда иштирок этишлари мумкин.

Шундай экан, имкониятни қўлдан чиқарманг ва совғаларни қўлга киритинг!

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Top