Фан-техника | 21:37 / 29.12.2020
10625
5 дақиқада ўқилади

2021 йил жаҳон технология оламида нималар кутилмоқда?

Ҳукуматлар томонидан айрим тартиб-қоидалар жорий қилиниши ортидан келгуси йил техник гигантлар учун оғир келиши мумкин.

Фото: Getty Images

Чунки Европа ва АҚШ расмийлари Google, Facebook, Amazon, Apple каби компанияларнинг кучини рақобат ва бошқарув механизмлари ёрдамида сиқиб чиқаришга киришишди.

BBC нашри 2021 йил кутилаётган технологик ишланмалар ҳақида маълумот берди.

Улкан технологик компанияларга чекловлар

2020 йилнинг сўнгги ҳафталарида Google, Facebook, Amazon ва Apple каби компанияларнинг осмонида қора булутлар айлана бошлади.

Декабр ойи бошида АҚШ федерал кучлари ва 45 штат прокурори Facebook’ни ўз рақобатчиларини сотиб олиш ва рақобатни чеклаш мақсадида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир қилганликда айблади.

Худди шунингдек, Европа комиссияси йирик технология компанияларини тартибга солиш тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини тақдим этди.

Англияда эса рақобат ва бозорларни тартибга солувчи институт ушбу компанияларга қарши санкциялар жорий этишни кўзда тутувчи механизм яратди.

Шу боис юқорида номи тилга олинган компаниялар АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байденнинг бу борада қандай йўл тутишини интиқлик билан кутишмоқда.

Қайд этиш жоиз, Байден аввалроқ улкан технологик компаниялар, хусусан, Facebook’ни танқид қилганди. Қолаверса, ушбу компаниялар томонидан монополия ўрнатилишига қарши бўлганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.

Электр даври

Авиация ва космик саноат коронавирус пандемияси туфайли жуда оғир йилни бошдан кечирди. Айни пайтда ҳар икки сектор ҳам тадқиқот ва ривожланиш ташаббусига содиқ эканини билдирмоқда.

Сентябр ойида Airbus водород билан ишловчи учта янги дизайнни тақдим этди. Келаси йил мазкур компания Германия, Франция, Испания ва Италия каби мамлакатлар билан учувчисиз ҳаво воситаларини яратиш бўйича шартнома имзолайди.

Rolls-Royce эса 2021 йилда электр самолётини тақдим этади. Компания ушбу самолётни тезлик рекордини янгилайдиган илк электр учар транспорт воситасига айлантиришни мақсад қилмоқда.

Чакана савдо инқилоби

Ортда қолаётган йил кўплаб чакана савдо компаниялари учун ҳам оғир бўлди.

Пандемия туфайли одамлар асосан онлайн дўконларга мурожаат қилишни маъқул кўришмоқда.

Чакана савдо соҳасида 2021 йил жуда кўп ўзгаришлар бўлиши мумкин. Масалан, Amazon келгуси йил кассасиз дўконларининг сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Ҳозирда АҚШда 20та дўкон фаолият юритаётгани, 2021 йилда эса Англияда ҳам ушбу турдаги дўконларни очиш кутилаётгани ҳақидаги хабарлар мавжуд.

Янгиланиш шундаки, одамлар нималарни сотиб олгани ақлли камера ва сунъий интеллект ёрдамида аниқланади ва ҳисоб-китоб уларнинг уйларига жўнатилади.

Уй шароитида ишлашга мўлжалланган технологиялар

Келгуси йил ҳам кўплаб компаниялар уй шароитида ишлаш тизимини давом эттиришлари мумкин.

Масалан, Dropbox ва Twitter компаниялари барча ходимлар уйда ишлашини эълон қилди.

Microsoft ва Facebook ҳам аксарият ходимлари уйда қолишда давом этишини маълум қилди.

Бу эса ўз навбатида технологик компанияларга фойда олиш учун янги майдон яратади. Айниқса, хавфсизлик соҳасида хизмат кўрсатувчи компаниялар учун бу ҳол яхшигина даромадни англатиши мумкин. Чунки уйда ишлашга имкон берувчи компаниялар учун интернетга уланишдан тортиб то маълумотларни сақлашгача бўлган хавфсизлик масалалари ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бир қаторда, ходимлар ўртасида алоқа қилишни таъминлайдиган дастурий таъминотларга ҳам талаб ортиб бормоқда. Масалан, сўнгги пайтларда Miro ва Mural каби дастурларга эҳтиёж кучайди. Mural бу йил миллиондан зиёд фаол фойдаланувчига эга бўлди. Ушбу дастурлар ёрдамида ҳамкасблар умумий лойиҳа устида биргаликда ишлашлари мумкин.

Ҳайдовчисиз бошқариладиган транспорт воситалари

АҚШнинг Феникс шаҳрида Waymo деб номланган компаниянинг ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган 300га яқин автомобили мавжуд.

Alphabet компаниясининг кўмаги билан автоном автосаноатда тез суръатларда ўсиб бораётган Waymo эндиликда ўз хизматини Феникс ва ундан ташқарида ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Waymo’нинг рақиби ҳисобланган ва General Motors’гa алоқадор Cruise ҳам Сан-Францискода ҳайдовчисиз бошқарилувчи машиналарни синовдан ўтказмоқда.

Октябр ойида синов учун рухсат олган Cruise ҳам Waymo каби давлат хизматини кўрсатишни кўзламоқда. Аммо бунинг қачон амалга ошиши ҳали маълум эмас.

Lyft ҳам тажрибаларини Сан-Францискода ўтказмоқда.

Uber эса ҳайдовчисиз бошқариладиган автомашиналарни ишлаб чиқиш режасидан воз кечди. Ушбу компания ҳайдовчисиз транспорт воситаси ишлаб чиқариш лойиҳасини Amazon томонидан қўллаб-қувватланадиган Aurora Technologies компаниясига сотди ва ўз хизматини такси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришга йўналтирди.

Мавзуга оид