Никпэклар нимаси билан жалб қилади? Улар ширин таъмни эслатади, бироқ таъм берувчи қўшимчалардан ташқари, уларда асосий таркибий қисм – никотин мавжуд. Маҳсулот сигарет ва вейпларга алтернатив сифатида тарғиб қилинади. Лекни бир жиҳати бор – маҳсулот таркибида тамаки бўлмаса-да, у саломатликка зарар етказиши мумкин. Айниқса, гап ёшлар ҳақида кетса.
Никпэкларда ёшга оид таснифлаш бор, яъни ишлаб чиқарувчилар биринчи навбатда мақсадли бўлмаган аудиторияни ушбу маҳсулотни истеъмол қилишдан сақлашга уринишади. Россияда никпэкни истеъмол қилгандан кейин аҳволининг ёмонлашиши – кўнгил айниши, бош айланиши каби ўсмирлар билан рўй берган ҳолат ана шундай салбий оқибатлардан биридир.
Хорижий экспертлар таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларни болаларга сотишга ҳақли равишда эътироз билдиришяпти. Никпэкларни истеъмол қилиш оқибатида жисмоний ва интеллектуал фаоллик пасаймоқда, юрак билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, гап ёш авлод ҳақида кетяпти, чунки бу даврда тана шаклланади, ҳар қандай ташқи салбий таъсир унга катталарга қараганда бир неча ўн баробар кучлироқ таъсир қилиши мумкин. Саломатликка зарар етказишдан ташқари, маҳсулотга ўрганиб қолиш хавфи ҳам бор, яъни бу энди муаммонинг психологик томонидир, у билан курашиш эса осон эмас.
Ижтимоий тармоқларда никпэкларнинг болалар ва ўсмирларни бирлаштирувчи восита сифатида оммалашиб бораётгани кузатилди. Масалан, интернетдаги рус сегментида гуруҳлар очиб, у ерда нафақат етказиб берувчиларнинг рақамларини алмашишади, балки ўзаро мулоқот майдони сифатида ҳам фойдаланишади. Бу билан тамакисиз маҳсулотлар, эҳтимолки, ишлаб чиқарувчилар учун ҳам кутилмаган равишда аудиторияни бирлаштирди.
Хуллас, бу ерда гап фойда олиш мақсадида бунга қўл урган тадбиркорларга қарши чиқиш ҳақида эмас, балки болалар ва ўсмирларни тамакисиз маҳсулотларнинг зарарли таъсиридан қандай ҳимоя қилиш ҳақида кетяпти. Улар нима деб ёзишмасин, никотин, айниқса, юқори дозада, ўсаётган организм учун зарур бўлган элемент эмас.
Яқинда президент аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган фармонни имзолади. Бу бир томондан. Бошқа томондан эса – бугун тамакисиз маҳсулотларни нафақат тамакига қарамликдан қутулмоқчи бўлганлар, балки ўсмирлар ҳам сотиб олиши мумкин. Ёшлар ҳали бу борада қонунчилик даражасида ҳимояланмаган. Гап шундаки, маҳсулотлар бозорда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш даражасидаги ўзгаришларга қараганда тезроқ пайдо бўлади.















