Жаҳон | 21:00 / 09.10.2024
4569
2 дақиқада ўқилади

Олимлар 75 ёшда ҳам тамаки чекишни ташлаш инсон умрини узайтиришини аниқлади

Мутахассислар 35 ёшдан 75 ёшгача бўлган инсонлар ўртасида 10 йиллик муддат билан чекишнинг умр давомийлигига таъсирини ўрганиб чиқди.

Фото: Getty Images

Мичиган университети олимлари ҳар қандай ёшда ҳам тамаки чекишдан воз кечиш инсон соғлиғи учун фойдали ва умрни узайтиришини аниқлади. Бу ҳақда American Journal of Preventive Medicine (AJPM) илмий журналида эълон қилинган мақолада сўз боради.

Тамаки тутуни таркибида минглаб заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, у тананинг деярли барча органларига зарар етказади ва саратоннинг кўплаб турларини, инсулт, юрак ва ўпка касалликларини келтириб чиқаради.

Мутахассислар 35 ёшдан 75 ёшгача бўлган инсонлар ўртасида 10 йиллик муддат билан чекишнинг умр давомийлигига таъсирини ўрганиб чиқди. Тадқиқотчилар турли ёшда чекишни ташлашнинг афзалликларини кўрсатадиган инсон умри давомийлиги жадвалларини тузиш учун чекиш билан боғлиқ барча эҳтимолий ўлим ҳолатларини инобатга олди.

Натижаларга кўра, 65 ёшида чекишни ташлаган инсонларнинг қарийб 10 фоизи бу ишни амалга оширмаганларга нисбатан камида саккиз йилга узоқроқ яшайди. Олимларнинг таъкидлашича, 65 ёшида тамаки чекишни ташлаганларнинг умрини камида бир йилга узайтириш имконияти 23,4 фоизни,75 ёшда эса 14,2 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари, 75 ёшида чекишни ташлаганларнинг 8 фоизи умрини чекувчилар билан таққослаганда камида тўрт йилга узайтиради.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид