11:44 / 01.01.2021
12304

Агар коронавирус бўлмаганида: пандемия 2020 йилдаги асосий воқеаларга қандай таъсир қилди?

Тарихда 2020 йилнинг ўхшаши йўқ: ўтган йил мобайнида дунёда 82 миллиондан ортиқ киши коронавирус билан зарарланди, миллиардлаб кишилар локдаунда яшади, пандемия Ер юзи аҳолиси 80 фоизининг яшаш ва иш тарзига таъсир кўрсатди.

Фото: Reuters

Тасаввур қилинг, бу йил пандемиясиз қандай бўлиши, одамлар ўз яқинлари билан қанча вақтни бирга ўтказиши, истаган жойига сафар қилиши, зиёфатлар ва тўйларга бориши мумкин эди…

Нима бўлганда ҳам, пандемия ҳар биримизнинг ҳаётимизда ва жамиятда акс этди, миллиардлаб инсонлар учун янгича реаллик шакллантирди.

Қуйида агар пандемия бўлмаганида бутунлай бошқача кечиши мумкин бўлган йилнинг тўрт асосий воқеаси келтирилади.

1. АҚШдаги сайловлар

Фото: BBC/GETTY IMAGES

АҚШда 2020 йилги президентлик сайловлари бутунлай бошқача ўтиши ҳам мумкин эди. Қизғин сайловолди митинглари ва номзодларнинг мамлакат бўйлаб сафарлари ўрнига тарихда илк марта барча оммавий маросимлар бекор қилинди. Жо Байден бўм-бўш залда Демократик партия номзоди сифатида чиқиш қилди. Президент Трампда коронавирус аниқлангач, зудлик билан шифохонага жўнатилди.

Таҳлилчилар Трампнинг мағлубиятига кўп сабабларни келтиришади, аммо унинг мағлубиятининг асосий омили пандемия давридаги ҳаракатлари экани ҳақида уларнинг фикри бир жойдан чиқади.

«Аниқки, пандемия омили Трампга кучли зарба берди», дейди политология профессори Алан Абрамовиц. У президент нафақат пандемияни жиловлаш бўйича адекват чоралар кўрмаганини, шу билан бирга, ниқоб тақмасдан ва ижтимоий масофа сақлашга риоя этмасдан, фуқаролар учун ёмон намуна бўлганини ҳам қайд этади. Бу ҳам иккиланувчи сайловчилар ўз овозларини Байденга беришларига олиб келган.

Абрамовицнинг сўзларига кўра, тақдир ҳазили шундаки, одатда қийин паллаларда халқ президент томонида турган бўларди.

«Агар Трамп пандемияга жиддий ва самарали ёндашганида, у бу сайловларда осонлик билан ғалабага эришган бўларди», дея фикр билдирган профессор.

Тарихчи Аллан Лихтманнинг қайд этишича, «13 калит» тизими (муҳим кўрсаткичлар) унга 1984 йилдан буён АҚШдаги президентлик сайловларидаги бўлажак ғолибни хатосиз равишда топиш имконини бериб келади (у августдаёқ Байден ғалабасини башорат қилганди), пандемия эса иқтисодий таназзулга сабаб бўлди, бу эса ҳеч қанақасига амалдаги президент фойдасига ишламасди.

«Трампнинг мағлубияти унинг пандемияга реакцияси натижаси бўлди. У бошқаларни пандемияга ҳаддан ташқари кўп аҳамият беришда айблади ва барча жабҳаларда ютқазди», деб ҳисоблайди профессор Лихтман.

Демократлар эса сайлов кампаниясини интернетга кўчиришди, бу Байденнинг фойдасига хизмат қилиши мумкин эди.

Фото: GETTY IMAGES

«Байденнинг нутқида камчиликлар борлиги ва у омма олдидаги чиқишларида қўпол хатоларга йўл қўйиши азалдан маълум. Аммо пандемия шароитида у саҳнага чиқмади, икки номзод ўртасидаги сайлов ўрнига, Трампга ва унга қарши овоз бериш гувоҳи бўлдик», дейди сиёсий таҳлилчи Майлс Коулман.

У республикачилар аҳоли орасида - интернет яхши ишламайдиган жойларда ва уйма-уй юриб сайловчини ўз томонига оғдириш талаб этиладиган ҳудудларда сайлов кампаниясини олиб бориши Трампга ҳам қўшимча овозларни берганини қайд этиб ўтган.

Ўз навбатида, профессор Лихтман айнан пандемия туфайли сўнгги юз йилликдаги энг юқори давомат кузатилганини эътироф этган. «Пандемия миллий кўламда фавқулодда ҳолатни юзага келтирди. Трампнинг тарафдорлари ҳам, Байденнинг тарафдорлари ҳам бу уларнинг ҳаётидаги энг муҳим сайлов эканини англашди», дейди профессор.

2. Ҳонгконгдаги намойишлар

Фото: BBC/GETTY IMAGES

2019 йилда бутун дунё Ҳонгконгдаги сиёсий инқироз қандай ривож топишини кузатиб борганди. Ушбу йирик халқаро молия маркази бўлган ҳудудда деярли ҳар ҳафта демократия ҳимояси учун йирик намойишлар бўлиб ўтганди. Намойишлар аксар ҳолларда полиция билан тўқнашувларга айланиб кетар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари намойишчиларга водомётлар ва кўздан ёш оқизувчи газлар қўллашар, баъзида ўқ овозлари эшитилиб қоларди.

Пекин ҳукумати намойишчиларни қоралаб чиқди, маҳаллий аҳоли эса уларни қўллаб-қувватлади, сайловларда демократларнинг номзодлари катта фарқ билан ғалаба қозонишди.

Аммо 2020 йил кириб келиб, Ҳонгконг кўчалари бўшаб қолди, намойишчилик ҳаракатлари сўна бошлади, демократик кайфиятдаги қонунчиларнинг бир қисми истеъфо берди, бир қисми мамлакатни бутунлай тарк этди.

Пандемия Ҳонгконгга январ ойидаёқ кириб келганди ва йил бошидаёқ намойишчиларнинг фаоллиги кескин пасайди. Шу билан бирга, мамлакатда эпидемиянинг биринчи ва иккинчи тўлқини осонлик билан енгиб ўтилди. Ҳукумат эса фавқулодда вазият жорий этиш орқали намойишлар тўлқинига барҳам беришга эришди.

Нотр-Дам университетининг политология профессори Виктория Хуэй пандемия Пекинга фуқаролар соғлиги ҳақида қайғуриш баҳонасида ҳукуматга қарши намойишлар оловини ўчиришга имкон берганини қайд этади. Қатор фаоллар йирик миқдорларда жаримага тортилди, намойишлар ўтказиш ижтимоий масофа сақлаш ҳақидаги қонун билан тақиқланди.

Фото: GETTY IMAGES

Кейин эса миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, демократия ҳимояси учун ҳаракатлар кескин чекланди. Ҳукумат шундай қонун зарурлиги ҳақида аввалдан гапириб келарди, аммо вақт тасодифан танланмаган.

«Пекин пандемия шароитида халқаро ҳамжамият бу мавзу билан шуғулланишга вақт топа олмаслигини жуда тўғри ҳисоблаганди», деди Виктория Хуэй. Ҳонгконгда бу қонун таъсири жуда тез сезилди: кўплаб демократик руҳдаги ташкилотлар тарқатиб юборилди, дўконлар дарҳол намойишчиларни қўллаб-қувватловчи шиорлар ёзилган плакатларни йиғиштириб ташлашди, фаоллар эса намойишларга чиқишга шунчаки қўрқиб қолишди.

Яна бир ой ўтиб, коронавируснинг учинчи тўлқини вақтида ҳукумат ҳудудий қонунчилик органлари учун сайловлар инфекция тарқалиши хавфи туфайли бир йил кейинга қолдирилгани ҳақида эълон қилди, ҳолбуки кўплаб экспертлар сайловларни хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ўтказиш мумкинлигини таъкидлашганди.

Ноябрда Ҳонгконгдаги барча демократик кайфиятдаги депутатлар норозилик ифодаси сифатида истеъфо беришди, чақириқ илк марта бирорта мухолифатчисиз қолди.

3. Тиграйдаги инқироз, Эфиопия

Фото: BBC/GETTY IMAGES

Африкадан ташқарида яшовчилар 2020 йилгача Эфиопия шимолида жойлашган Тиграй ҳақида эшитишмаганди.

Аммо ноябрда бу ҳудудда Эфиопия ҳукумати кучлари ва Тиграй озодлиги халқ фронти ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди ва юзлаб кишилар қурбон бўлиб, 40 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари қўшни Суданга қочиб ўтишга мажбур бўлди.

Ҳарбий низога ҳукумат пандемия туфайли умуммиллий сайловларни кейинги йилга қолдиргани сабаб бўлганди.

Фото: Reuters

2018 йилда Эфиопиянинг янги бош вазири Абий Аҳмад демократик ислоҳотлар бошлашни ваъда қилганди. Кўп йиллар мобайнида сиёсий саҳнага чиқарилмаган мухолифатчи кучларда 2020 йил августига белгиланган сайловларда сиёсий курашга киришиш имкони пайдо бўлганди.

«Мухолифат кучлар ўртасидаги сиёсий ихтилоф жиддий эди, айримлар сайловлар навбатдаги низоларга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавфсираган бўлса-да, кўпчилик сайловлар кескинликни камайтиришига умид қилганди», дейди Addis Standard бош муҳаррири Цедале Лемма.

Март ойида мамлакатда пандемия бошлангач, мухолифат аввалига сайлов комиссиясининг сайловларни кечиктириш тўғрисидаги қарорини маъқуллади, аммо бу конституцион инқирозга олиб келди - амалдаги ҳукумат мандати сентябр ойига келиб тугаши керак эди.

Ҳукумат мухолифат билан муросага келишга интилмади. Бунинг ўрнига партиялараро кенгаш ҳукумат ваколатларини узайтириш ва сайловларни пандемия тугагунга қадар кечиктириш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳукуматдаги партия назоратидаги парламентнинг юқори палатасида овоз бериш жараёни ўтказилиши эса ҳукумат мухолифат учун қонунийлигини йўқотишига олиб келди.

Шу туфайли, Абий билан анча вақтдан буён зиддиятда бўлган Тиграй озодлик халқ фронти 9 сентябр куни ҳукумат қарорини инкор этган ҳолда ўзбошимчалик билан ҳудудий сайловларни ўтказди.

«Бу сўнгги томчи бўлди - ТОХФ федерал ҳукумат сифатидаги мақомини йўқотди, ҳукумат ушбу ташкилотни тан олишдан бош тортди, уруш бўлиши муқаррар бўлиб қолганди», дейди Цедале.

Ноябр ойи охирида эфиопиялик ҳарбийлар Тиграй пойтахтини эгаллашди ва ғалаба ҳақида эълон қилишди, аммо ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар ҳамон тингани йўқ, БМТ бу зиддият тинч аҳоли вакиллари учун ҳаддан ташқари оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

4. Исроилдаги сиёсий инқироз

Фото: BBC/GETTY IMAGES

Апрелда сиёсий шарҳловчилар пандемия Биньямин Нетаньяхунинг сиёсий фаолиятини қандай қилиб сақлаб қолгани ҳақида гапира бошлашганди.

У ўзининг асосий рақиби Бенни Ганц билан бирга коалицион ҳукумат тузиб, фаолиятида бешинчи марта бош вазир сифатида қасамёд қилди.

Унга қадар 16 ой ичида уч марта сайлов ўтказилган бўлса-да, мамлакатда сиёсий хаос ҳукм сурди - бирорта блок ҳукуматдаги коалицияни тузиш учун етарли бўлган овозни йиға олмади. Аммо ҳали Нетаньяху ўтиш даври ҳукуматини бошқариб турган маҳалда пандемия бошланиб қолди.

Фото: Reuters

«Одамлар бирдан фавқулодда ҳолат юзага келганини англашди, Нетаньяху эса пандемияга қарши курашда ташаббусни қўлга олиб, бундай вазиятда мамлакатни бошқаришга қодир бўлган ягона одам эканини айтди. Пандемия Нетаньяху учун сиёсий нуқтайи назардан энг керакли вақтда рўй берди, бу орқали у Ганцга босим ўтказиб, уни ўзи билан бирлашишга мажбур қилди», дея изоҳлайди Haaretz газетаси таҳлилчиси Аншель Пфеффер.

Ҳеч қачон Нетаньяху бор бўлган ҳукуматга кирмасликка сўз берган Ганц эса ўз фикрини ўзгартирганини «ноодатий вақтлар келгани» билан изоҳлади.

Миллий бирлик ҳукуматида Ганц ва Нетаньяху бош вазирликни ротация асосида навбатма-навбат бажаришади, Нетаньяху эса унинг навбати биринчи бўлишини талаб қилди.

Globes нашри вакили Таль Шнайдернинг фикрича, Нетаньяху ўзига қарши жиноий ишлар фонида маневрлар қилиш учун вақтдан ютди, бу вақтда Ганц унга сиёсий таҳдид сола олмади, у Нетаньяху ҳукуматига кириб, ўз тарафдорлари кўз ўнгида хоинга чиқди.

Миллий бирлик ҳукумати эса декабр ойига келиб давлат бюджетини тасдиқлаш бўйича баҳслардан кейин тарқалиб кетди.

Энди мартда сайловчилар яна сайлов участкаларига бориши керак, бу икки йил ичидаги тўртинчи сайлов бўлади, Нетаньяху эса мутлақ ғолиб бўлишни ваъда қилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top