Жамият | 16:43 / 06.01.2021
8306
4 дақиқада ўқилади

«Сарфлаб бўлинган бюджетни ҳокимлар тасдиққа олиб киряпти. Бу нотўғри» — Норбоева маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳақида

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева маҳаллий кенгашлар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш зарурлиги тўғрисида гапирди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Маҳаллий кенгашлар жорий йилда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, бугунги кунгача маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг 20дан ортиқ масалалар бўйича маҳаллий кенгаш сессиясида ҳисобот ва ахборот беришлари белгилаб қўйилган, шундай экан, ушбу масала маҳаллий кенгашнинг иш режасида тўлиқ акс эттирилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, маҳаллий бюджет ижросига ўта масъулият билан ёндашиш керак. Ҳокимлар сарфлаб бўлинган бюджетни тасдиқлатиб олиш учун маҳаллий кенгаш сессиясига олиб киришяпти. «Бу сарфлаб бўлинди, шу харажатларни тасдиқлаб беришингизни сўраймиз», дейишяпти.

Нотўғри бу нарса. Маҳаллий кенгашлар бундай ишларга йўл қўйиши тақиқланади. Маҳаллий кенгаш сарфлаб бўлинган бюджет маблағларининг сарфланганлигини тасдиқлаб берувчи эмас, аксинча, бюджетни ижрога йўналтиришга рухсат берувчи органга айланиши бугунги кун талабидир.

Нима учун республика бюджети парламент қуйи палатаси, сенатда қонун сифатида тасдиқланиб, президентимиз томонидан имзолангандан кейин сарфлана бошлайди? Нима учун республика даражасида бу нарсага амал қилинади, нима учун маҳаллий ҳокимликлар бу нарсага итоат қилмайди? Албатта, биз ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз, бунга ўрганишимиз керак.

Учинчидан, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими 1 февралга қадар ҳудудда камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқади, маҳаллий кенгаш эса ҳар чоракда ушбу дастурнинг ижроси бўйича ҳисоботни эшитиб, муҳокама қилиб боради.

Тўртинчидан, «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» бўйича чора-тадбирлар дастурларининг ижросига жиддий эътибор қаратиш лозим. Сектор раҳбари томонидан тегишли дафтардан чиқариш бўйича киритилган рўйхатдаги ҳар бир фуқаронинг оиласини жойига чиқиб ўрганиш зарур. Акс ҳолда, маҳаллий кенгаш муаммонинг ҳал этилишини назорат қилувчи эмас, балки уни яширишга имкон берувчи органга айланиб қолади», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси, шунингдек, маҳаллий кенгашлардаги депутатларни сайловчилар танимаслиги, уларнинг устидан шикоятлар кўплигига эътибор қаратиб, ҳудудларда ҳал этилмаган ёки тўғри тушунтирилмаган ҳар қандай масала ижтимоий кайфиятга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

«Сенатга жойлардан маҳаллий кенгаш депутати фаолиятидан миннатдорлик хатлари билан бирга, ўз депутатини танимаслиги, маҳаллага бирор марта келмаганлиги, мурожаатга умуман жавоб бермаслиги каби ҳолатлар бўйича ҳам мурожаатлар келмоқда. Бу каби ҳолатлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, айрим депутатлар халқнинг вакили сифатидаги вазифасини бажара олмаяпти.

Шу боис, жорий йилда ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуд аҳолиси, яъни сайловчилари билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиши, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши, асоссиз масалани кўтарган фуқарога қонуний тушунтириш бера олиши зарур.

Бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз лозим – ҳал этилмаган ёки тўғри тушунтирилмаган ҳар қандай масала ижтимоий кайфиятга салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, ҳар бир масалага алоҳида масъулият билан ёндашиш керак», деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид